Тумандошларимиз йирик мусобақаларда ютуқларга эришмоқда

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилганлиги сабабли туманимизда бу соҳада кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Туманимиз бўйича битта Болалар-ўсмирлар спорт мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Тренерлар ва спортга қизиқувчи ўғил-қизларга қадрдон бу спорт мактабида 20 та спорт тури билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратилди. 45 нафар тренер спортчиларга спорт усулларини ўргатиб, уларни жисмоний ва маънавий камолга етказаяпти. Тренерларнинг 16 нафари олий маълумотли. 15 нафар аёл мураббий фаолият кўрсатаяпти. Жами 1114 нафар ўғил-қиз устозлари ёрдамида спорт усулларини ўрганиб, мусобақаларда қатнашаяпти.
Шуниси қувончлики, 2020-2021 ўқув йилида мавжуд имкониятлардан фойдаланиб  ютуқларга эришдик. Тренерларимизнинг меҳнати натижасида 2 та Ўзбекистон спорт устаси, 3 та спорт усталигига номзод, 26 та 1 разрядли, 613 та оммавий разрядли спортчиларни тайёрладик. Тренерларимиз ва спортчиларимиз машқларни бажариб мусобақаларга яхши тайёргарлик кўраётганлигини амалда кўрсатмоқда. Тренерларимиз йил давомида республика мусобақаларида фахрли 1, 2, 3 – ўринларга эришган спортчиларни етиштирди. Иброҳим Мамараимов шогирдларининг 18 нафари у-шу, Эркин Йўлдошев устозлигида 8 нафар спортчи у-шу сандо, Акбар Жўраев тайёрлаган 3 нафар киши таэквандо ВТ, Мустафо Қулматов мураббийлигида шуғулланган 8 нафар спортчи Жиу-житсу спорт тури бўйича Ўзбекистон чемпионлари ва совриндорлари бўлди. Эркин Йўлдошев камолга етказган 2 нафар спортчи кикбоксинг бўйича Республика чемпионатида фахрли ўринларни эгаллади. Бу мусобақада Диёра Маматраимова олтин, Умид Сафаров бронза медаллари билан тақдирланди. 1-сонли мактаб ўқувчиси Камола Раҳимова Урганч шаҳрида бўлган Ўзбекистон чемпионатида фахрли 1-ўринга эришди. Тренер Шарофиддин Рауповнинг шогирди 32-сонли мактаб ўқувчиси Фотима Аҳмедова 1-4 июль кунлари дзю-до бўйича Ўзбекистон чемпионатида бронза медали билан мукофотланди. Тренер Нилуфар Бобоева ёш баскетболчиларни камолга етказиб, вилоят чемпионатида ғолиб чиқди. Қўл тўпи жамоаси вилоят чемпионатида совриндор бўлди. Тренерлар Бобохон  Султонов, Эштемир Мусурмонов ёш спортчиларни тайёрлашда кўп йиллик тажрибага эга. Шуҳрат Нормуродов оммавий спорт турларини ривожлантираяпти.
Туманимизда халқаро мусобақаларнинг иштирокчилари ва совриндорлари етишиб чиқмоқда. 64-сонли мактабнинг ўқитувчиси Юлдуз Муҳаммадиева самбо, кураш, соҳил кураши бўйича тренер бўлиш билан биргаликда спорт мусобақаларида ҳам қатнашиб, ютуқларга эришаяпти. У бу йил Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида фахрли 2 ўринни эгаллади. Бизда олимпиада ўйинлари дастурига киритилган 13 та спорт турлари билан шуғулланишга шароитлар бор. Бу йил Япония давлатида ўтказилган XXXII Ёзги олимпиада  ўйинларида туманимиз спорт мактаби тарбияланувчиси Ҳикматулло Тўраев қатнашди. Унинг тренери, таниқли полвон Ғофур Мухторов мусобақаларга тайёрлади. Яна бир спортчимиз Параолимпия ўйинларида мини футбол бўйича мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мана шу натижалар туманимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ютуқларга эришилаётганлигини кўрсатиб турибди. Биз тренерлар ва спортчилар билан шуғулланишдан давом этиб ютуқларимизни кўпайтириш мақсадидамиз. Мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб спорт мухлисларини хурсанд қиламиз.
  Ойбек ҚУРБОНОВ,
туман туризм ва спорт бўлими бошлиғи