Янги китоб тақдимоти

Туман ҳокимлиги кичик мажлислар залида С. Турсунов, Қ. Эшбоев, А. Тўхтаев, А. Хўжаназаров муаллифлигида нашр этилган “Қумқўрғон тарихидан лавҳалар” номли китобнинг тақдимоти ўтказилди. Залга қўйилган Қумқўрғон ҳақида китоблар ва улуғ алломаларнинг асарлари кўргазмаси кўркамлик ва файз бағишлади.
Тадбирда Термиз давлат университети олимлари, туман ҳокими ўринбосарлари, мутахассислар, ташкилотларнинг, муассасларнинг раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда фаол ёшлар қатнашди.
Туман ҳокими Р. Гаппаров Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг китоб тарғиботи, нашри, мутолааси ва китобхонликни ривожлантириш мақсадида қабул қилган муҳим ҳужжатларига эътиборни жалб қилди. Қумқўрғон тумани тарихи, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва муносиб ҳисса қўшга инсонлари ҳақидаги янги китобнинг нашрга тайёрланиши тўғрисида маълумот берди.  Термиз давлат университети профессори, тарих фанлар доктори Сайпулло Турсунов янги яратилган китоб ҳақида атрофлича гапирди. Аёллар ҳақида “Ҳидоят сари” номли, уч тилда Қумқўрғон буклети тайёрланаётганлигини маълум қилди. “Қумқўрғон тарихидан лавҳалар” китобининг яратилиши тўғрисида гапириб бунга асос бўлган омилларга тўхталди. Биринчидан, Қумқўрғон халқининг беғуборлиги, иккинчидан, бу юртнинг китоб ёзишга арзиши, қадимийлиги, топонимик номларнинг кўплиги эканлигини айтди. Туман ҳокими Р. Гаппаров китобни тайёрлашга катта ёрдам берганлиги, халқ ичига кириб маълумотлар йиққанда уларнинг хурсанд бўлганлиги ва архив маълумотлардан фойдаланганлиги муаллифларни қувонтирганлигини таъкидлади.
Муаллифлардан бири, Тер ДУ профессори, тарих фанлари доктори Абдуғани Тўхтаев ҳам янги китобнинг яратилиши бўйича мазмунли маълумотларни гапирди. Тақдимот давомида китоб муаллифлари бирма-бир таништирилди. Абусалом Хўжаназаровнинг II-жаҳон урушида қатнашган Қумқўрғон тумани жангчиларига бағишланган янги китобни нашр этишга тайёрлаганлиги ҳақидаги хабарни китобхонлар хурсанд қабул қилди. Китобсевар, меҳнат фахрийси Жўра Менглибоев муаллифларга янги китобни нашр этганлиги учун миннатдорчилик билдирди.