Ғалла экилмоқда

Ғаллакорлар учун куз фасли масъулиятли палла. Улар ҳали бу йилги қишлоқ хўжалиги ишларига якун ясамасданоқ аҳолига келгуси йил учун ғамхўрлик қилмоқда. Далаларга барака уруғини қадаш ишларини бажариб, келгуси йилда мўл ҳосил топшириш мақсадида фаол ишлаяпти. Туман бўйича бу мавсумда 8183 гектарга ғалла уруғи экиш режалаштирилган. ғалла агротехникаси бўйича экишдан аввал ер майдонларини тайёрлаш тадбирлари амалга оширилади. Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, барча секторлардаги қишлоқ хўжалиги ҳудудлари бу ишни тўлиқ бажарди.
Ризқи-рўзимиз бўлган ғалла уруғларини экиш ишлари ҳам кўтаринки руҳда амалга оширилаяпти. Бу борада Хўжамулки, Камолот, Қоракулча, Х. Баратов ҳудудларининг ғаллакорлари экишни муваффақиятли бажариб, кўпчиликка ўрнак бўлди. Хўжамулки ҳудуди 225,2 гектар, Камолот ҳудуди 399,4 гектар, Қоракулча, Х. Баратов ҳудуди 218 гектар ғалла майдонларида ғалла экиш топшириқларини тўлиқ амалга оширди. Бундан ташқари, барча секторлар ва ҳудудларда очиқ майдонларга экиш ишлари муваффақиятли тугатилди.
ғўза қатор ораларига ғалла экиш қизғин давом этмоқда. Аксарият ҳудудлар бу ишни ҳам яқин кунларда бажариш учун астойдил ишлаяпти. Қумқўрғон, Ўзбекистон, С. Бойматов, Ш. Мирзаев, Наврўз, Оққапчиғай, Н. Мирзаев ҳудудларининг ғаллакорлари тез кунларда экишни бажариб, униб чиққан майсаларни парваришлашни бошлайди.