ЁШЛАР МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ

Туман ҳокимининг ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорликда “Ёшлар меҳнат ярмаркаси”ни ташкил этди. Шу муносабат билан Қумқўрғон агросаноат техникуми спорт залида иш берувчи ташкилотлар, муассасалар ва тадбиркорлар ҳамда ишга жойлашиш истагидаги ёшлар учун етарлича шароитлар тайёрланди. Бўш иш ўринлари ярмаркасида жами 463 та, шу жумладан, 80 та ўрта махсус маълумотга эга ёшлар учун кўргазмали воситаларда вакант иш ўринлари тавсия этилди. Зарур мутахассисликлар ва соҳалар ҳақида аниқ маълумотлар берилди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, молия, кредит, суғурта, хусусий корхоналари йўналишларида мавжуд бўш иш ўринлари эълон қилинди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши раиси Азизбек Каримов, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари Бобоназар Тўрамуродов меҳнат ярамаркаси иштирокчиларига тадбир ҳақида гапирди. Яратилган имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланган ўғил-қизлар ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларига, ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиқларига учрашиб, керакли ҳужжатларни ёзди. Ишга жойлашиб, хурсанд бўлди.