30 июнь – Ёшлар куни

ЁШЛАР ИШЛАРИ АГЕНТЛИГИ СОВРИНИ
Туманимизда шарқ яккама-якка кураш усулларидан бири таэквандо ВТФ спорт тури кенг  оммавийлашди. Бунда туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг тренери Абдуқаҳҳор Аҳмедовнинг 15 йиллик меҳнати мужассам. Бу 1 ДАН қора белбоғ соҳиби болалар ва ёшларга таэквандо спорт усулларини ўргатиш билан чекланмасдан, турли мусобақаларда тажрибасини ошираяпти. Шогирдлари вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, чемпион ва совриндор бўлаяпти. Ҳозир унинг мураббийлигида 100 га яқин ёш спортчилар бу спорт турига меҳр қўйиб, чиниқмоқда. Ташкилотчи тренер улар иштирокида мусобақаларни ташкил этаяпти.
Қумқўрғон агросаноат техникуми спорт залида Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган беш муҳим ташаббуснинг 2-йўналиши бўйича Ёшлар ишлари агентлиги соврини учун Қумқўрғон туман БЎСМ очиқ турнири мусобақаси ана шундай ташаббускорликнинг натижаси бўлди. “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида ўтказилган мусобақада 100 га яқин ёш таэквандочилар маҳоратларини кўрсатди. 2010-2012, 2013-2015 йилларда туғилган спортчилар ўз вазн тоифасида ғолиблик учун астойдил интилди. Ҳар вазн тоифасидан 4 нафар фахрли ўринларни эгаллаган спортчилар аниқланди. Улар ҳакамлар томонидан диплом, медаллар, эсдалик совғалар билан тақдирланди.