Ғалла ризқ рўзимиз уни ёнғин хавфидан асраш барчамизнинг бурчимиздир!

Ғаллакорларимиз ўтган кузда ерга дон сепиб, қиш ва баҳор ойларида майсазорларга намунали ишлов бериб, бу йилги мўл ҳосилга мустаҳкам замин ҳозирлашди. Уларнинг фидокорона меҳнатлари туфайли тўлиқ бошоқларни намойиш этаётган ғаллазорлар бугун ҳамманинг кўзини қувонтирмоқда.
Ҳа, халқимиз “Бугунги дон эртанги нон” деб бежизга айтмайди. Далаларимиздаги бепоён ғаллазорлар бугун ўроққа келиб қолганлиги туфайли фермер хўжаликлари ва деҳқонлар шу кунларда ғоят серташвишлар. Улар пишиб етилган донни нес-нобуд қилмасдан, талон-тарожлик ва ёнғин каби бало, офатларга йўл қўймасдан давлатимизнинг омборларига етказиб беришни режалаштирмоқда.
Шуни ёдингиздан чиқарманг, азиз ҳамюртлар! Арзимаган лоқайдлик туфайли бир йиллик меҳнатимиз натижасига ёнғин тушиб, катта талофат кўришимиз мумкин.
Бундай ҳолнинг рўй бермаслиги учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишимиз ва ёнғин хавфсизлиги ходимлари сўзларига қаттиқ эътибор беришимиз зарур.
-Ғалла ўрим йиғимда иштирок этадиган техника воситаларини учқун сўндиргич мослама ва дастлабки ёнғин ўчирувчи мослама билан таъминланмасдан ғаллазорларга киришни таъқиқлаш;
-Комбайнларни ишга туширишдан олдин уларнинг айланувчи механизмларини диққат билан кўздан кечириш;
-Ёнғин хавфининг олдини олиш учун ғалла майдонларининг атрофлари асфальт йўл ва темир йўлга яқин, кучли токланишли электр токи ўтган сим ёғочлар остида 8 метргача кенгликда ўрилиб, 4 метр кенгликда шудгор полосалари ташкил этилсин;
-Ғалла ўрилаётган майдонларни ер ағдарувчи ва ер текисловчи техника воситаларининг ҳамда 25 м/куб ҳажмли сув заҳирасига эга бўлган сув идишларнинг мавжудлигини таъминлаш;
-Мавсумда ғаллакорларга иссиқ овқат тайёрлаш жойлари ғалла майдонларининг камида 100 метр оралиқ масофада бўлишини назорат қилиш.
Ҳурматли ғаллакорлар ва ўрим-йиғимга жалб этилган ишчи-хизматчилар, агар сизнинг ҳар бирингиз юқоридаги қоидаларга риоя қилсангиз ёнғин хавфи ўз-ўзидан чекинади ва туманимизда 40 минг тонналик дон хирмони қисқа муддатларда бунёд бўлади.
Дон қабул қилиш масканида туманимиз ғаллакорлари етиштирган ғалла хирмонларини ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам Қумқўрғон тумани ЁХБ ходимлари томонидан тун-у кун хизмат ташкиллаштирилиб маскан ходимларига содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш борасида ёнғин тактик ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда.
Ҳурматли фуқаролар халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғаллани ёнғиндан асранг.

А. Тоштемиров,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари, катта лейтенант