ҚИЗИҚАРЛИ МАВЗУЛАРДА СЕМИНАР ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан туманимизда “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”даги рўйхатга ёзилган 85 нафар фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиёзли равишда ўқитилмоқда. Ўқув курслари учун тўловнинг 75 фоизи туман ҳокимлиги Васийлик кенгаши ҳисобидан ўтказилаяпти. Қолган қисмини Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти  тўлаяпти. Бу эзгу ишлар фуқароларни касбга ўқитиш, манфаатдорлигига эришиш, қамбағалликдан қутқариш, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”даги рўйхатдан чиқариш мақсадида амалга оширилаяпти.
Бундан ташқари, МК “Ватанпарвар” ташкилоти Қумқўрғон туман ўқув спорт техника клубидаги бундай ўқув машғулотларига қўшимча равишда 12 соатлик семинар-тренинглар ташкил этилди. Тадбирда туман кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими, Тадбиркорлар палатаси, савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида семинар-тренинг ўтказилди. “Муваффақиятга эришиш сирлари”, “ Тадбиркорлик ва ёшлар”, “Ҳаёт машаққатлари ва уларни психологик енгиш жиҳатлари”, “Ёшларда лидерлик қобилиятини ривожлантириш”, “Ёшларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш борасидаги ислоҳотлар” мавзуларида машғулотлар бўлди. Тадбирда МК “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ўктам Холлиев, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қумқўрғон туман Кенгаши раиси Азизбек Каримов, туман мудофаа ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Бекзод Худойбердиев, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги мутахассиси, тадбиркор Абдураззоқ Райимқулов маъруза қилди. Улар ёшларни касбга ўқитиш, иш ўрнига эга бўлиш, манфаат топиш, ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳақида атрофлича тушунтирди. Иштирокчиларни қизиқтираётган, ўйлантираётган саволларга жавобларини билдирди.
               Н. МУҲАММАДИЕВ