Бахти бутун журналист

Мухбир, журналист бўлиб ишлашда қизиқиш, эзгу мақсад учун дадил интилиш асосий ўрин тутади. Қизиқарли, мазмунли, ўқишли хабарлар ва мақолалари билан аҳолини хурсанд қилади. Бу фазилатларга ташкилотчилик ва ташаббускорлик уйғунлашиб янада кўп ютуқларни қўлга киритишга олиб келади.
“Қумқўрғон садоси” газетаси бош муҳаррири Райҳон Менгзияевада инсонларни қувонтирадиган, ходимларни ортидан эргаштирадиган қобилиятлар кўп ва кучли.
Унинг шахсий хусусияти, ички дунёси ижтимоий талаблар ва вазифаларни бошқаларга нисбатан тез, илдам англаши, ҳозиржавоблик билан меҳнат қилишида аниқ кўринаяпти. Р. Менгзияева самимий, хушчақчақ раҳбар. Қалами ўткир журналист. Танлаган мавзусини, туман ва вилоят ҳокимлигининг топшириқларини газетада қизиқарли, тушунарли, лўнда тарзда ёзиб, нашр этаётганлиги билан газетхонлар меҳрига эришди. Унинг хабарлари ва мақолаларида ўзига хос ёзиш маҳорати шаклланганлиги яққол билинди. Тенгдошларидан ижтимоий уқуви юқорилиги ва кўп ютуқларни қўлга киритаётганлиги билан ажралиб чиқиб, ўрнак бўлмоқда.
Вақтнинг қадрига етади. Топилган қимматли вақтларини фойдали ишга сарфлайди. У бош муҳаррир бўлиб ишлаган пайтда таҳририятда ижобий натижалар кўпайди. Газета компьютер имкониятларидан кенг фойдаланиб, рангли, мазмунли, расмлар билан, кўп ададда нашр этилаяпти. Замонавий таҳририят биносини бунёд этилишига эришиб, ижодкор ва техник ходимлар қулай шарт-шароитларда эркин ишлаяпти. Замонавий интернет хабарларидан баҳрамад этилган. Веб-сайт ва “Қумқўрғон садоси” телеканали фаолият кўрсатаяпти. Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутатлигига сайланиб, туманнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётида фаол қатнашаяпти. Сайловчиларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиб, аҳолининг ҳурмат-иззатига сазовор бўлди. Бош муҳаррир ва ижодкор сифатида маҳорати ошиб, ижтимоий, иқтисодий соҳаларни янада теран ёритмоқда.
Биз таҳририят ходимларини қувонтирган яна бир жиҳати, Муҳтарам Президентимизнинг топшириғига асосан умумий ўрта таълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг фаолияти бошлангач, газета саҳифаларида ёш ижодкорларнинг ижод намуналари, шеърлари кўп нашр этилаяпти. Умумий ўрта таълим мактабидаги ёш ижодкорлар билан газета таҳририяти ўртасида ўзаро муносабат тубдан ривожланди.
Ширин сўз, оқила ва камтарин касбдошимизнинг ижодий фаолияти юқори ташкилотларда меҳнат қилаётган раҳбарларнинг назарига тез тушди. Доно мутасаддилар ёш истеъдод эгасининг меҳнатини давлат миқёсидаги мукофотлар билан тақдирлади. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан махсус нишон билан мукофотлади. Бу йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни касбдошимиз ҳаётидаги яна бир қувончли, қутлуғ ва муборак дам сифатида тарихда қолди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Райҳон Менгзияева Янгибоевна “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. Бу кун нафақат унга, оила аъзоларига, ота-онасига, балки касбдошлари – журналистларга, ташкилотлар, корхоналар, муассасалар раҳбарларига ҳам қувонч олиб келди. Дўсти-биродорлари, ҳамкор ва ҳамжиҳат ишлаётган бошқа касб эгалари унинг ютуғи – давлатимиз раҳбарининг мукофотига сазовор бўлганидан боши осмонга етиб хурсанд бўлди. Отаси Янгибой Менгзияев, онаси Қамбар опага билимдон, зукко, меҳнатда чарчамайдиган фарзандни тарбиялаганлиги учун миннатдорчилик билдирамиз.
-Менинг эзгу интилишларим, меҳнат ютуқларимни муносиб тақдирлаганлиги учун туман ҳокими Р. Гаппаровга, мутасадди раҳбарларга, менга хайриҳох бўлиб ёрдам берган касбдошларимга, юртимизни тинч ва осойишта бошқараётган, соҳаларни ривожлантириб халқимизнинг фаровонлигига эришишида фаоллик намуналарини кўрсатаётган ҳурматли Президентимизга катта раҳмат айтаман. Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева менга ушбу мукофотни тантанали равишда топширганидан ғоятда хурсандман. У кишининг самимий мулоқоти ва юксак эҳтиромидан миннатдорман. Касбдошларим таъбири билан айтганда, ҳали ёш раҳбарман, келажагим олдинда, юртимизнинг ривожланишига кўп ҳисса қўшиб, бундан-да юксак натижаларга эришаман, – деди туман газетаси бош муҳаррири, туман Кенгаши депутати Р. Менгзияева.
У раҳбарлигидаги таҳририят ҳодимлари Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигини шу тариқа катта ютуқлар билан кутиб олаяпти. Биз касбдошимизга баркамол, бахтли бўлишни, бундан ҳам кўп ютуқларга эришишини тилаймиз. Унга порлоқ келажак, истиқболли натижалар ҳамроҳ бўлишини ният қиламиз.
Зулхумор ХИДИРОВА,
Сурхондарё вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси
Нурмуҳаммад
МУҲАММАДИЕВ,
журналист