Коронавирус ҳомиладор аёлларга қандай таъсир қилади

COVID-19 билан касалланиш хавф гуруҳлари орасида ҳомиладор аёллар алоҳида ўрин эгаллайди. Маълумки, ҳомиладорлик бу физиологик ҳолат бўлишига қарамай, бир қатор аъзо ва тизимларнинг, шу жумладан, иммун тизимнинг ўзгариши билан кечади. Шу сабабли ҳомиладорлик вақтида инфекцияларга нисбатан сезувчанлик сезиларли даражада ошади.
Ҳозирги кунда COVID-19 билан зарарланган ҳомиладор аёлларни кузатувлари етарли эмас, аммо Хитой, АҚШ ва Россияда ўтказилган баъзи кузатувлар айрим хулосаларни чиқаришга имкон беради.
Шундай қилиб, турли экстрагенитал касалликлари мавжуд ҳомиладорлар юқори хавф гуруҳига киради, айниқса, ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида. Булар юрак-қон томир, нафас аъзолари касалликлари (зотилжам, бронхиал астма), диабет, артериал гипертония, сурункали яллиғланиш касалликларидир. Ушбу касалликлар билан бир қаторда ҳомиладорлик даврида иммун ҳолатнинг, гемозтаз (қон ивувчанлиги)нинг бузилиши, хавфли ўсмаларнинг мавжудлиги бутун организмнинг зўриқишини кучайтиради, айниқса, айланиб юрувчи қон ҳажмининг ошишига, нафас кўрсаткичларининг пасайишига ва турли асоратлар ривожланишига олиб келади.
Ҳомиладорлик даврида асоратларнинг ривожланиши хавф омили – оғирлашган акушерлик анамнезидир. Яъни аввалги ҳомиладорликда кузатилган преэклампция, артериал босимнинг ошиши, қон кетиши, қон ивишининг бузилиши, муддатдан олдинги туғруқлар, ҳомиладорликнинг тўхташи, турли жарроҳлик амалиётлари ҳам хавф омиллари ҳисобланади. Бундай ҳомиладорлар хавф гуруҳига киради ва алоҳида эътиборни талаб қилади.
Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ чекловлар бўлиши табиий. Аммо дам олиш, жисмоний фаолият ва турмуш тарзини тўғри ташкил этиш (ижтимоий масофа, гигиена ва ҳимоя тартиблари) билан бу қийинчиликларни енгиш мумкин.
Ҳомила коронавирус инфекциясининг бевосита нишони эмас. Вирус ҳомилага тератоген таъсир кўрсатмайди. Плацентар тўсиқ ҳомила учун ишончли тўсиқ бўлгани боис чақалоқлар соғлом туғилади. Кўп нарса онанинг ҳолати ва коронавирус инфекциясининг оғирлик даражасига боғлиқ. Одатда туғруқ енгил ўтади, яъни болалар касаллик аломатларисиз туғилади. Энг муҳими – уларни ўз вақтида алоҳидалаш. Дунёда содир бўлаётган умумий ташвиш ва асабий ҳолатларни тушунган ҳолда, таъкидлаш керакки, ҳомиладорликни кечишига хавф солувчи асосий омил бу – стресс (руҳий зўриқиш)дир.
Агар онада коронавирус аниқланган бўлса, кўкрак билан боқишни тўхтатиш керакми?
Агар онада COVID-19 га шубҳа туғилса ёки беморлар билан алоқада бўлган бўлса, эмизишни тўхтатмаслиги керак деб ҳисобланади. Аммо, аёлда юқори иситма ёки вирусли инфекциянинг бошқа аломатлари бўлса ва шифокор кўкрак сути билан ўтадиган ва болага зарарли таъсир қиладиган дори воситаларини буюрган бўлса, кўкрак билан боқиш даволаш вақтида тўхтатилади. Ушбу даврда она сутини соғиш орқали лактацияни ушлаб туриш ва соғайгандан кейин кўкрак билан боқишни давом эттириш лозим.
Она ва боланинг ҳолати касаллик юзага келган ҳомиладорлик муддатига, преморбид фоннинг (чекиш, семириб кетиш, нафас тизими ва ЛОР-аъзоларининг фон касалликлари, қандли диабет, ОИВ инфекцияси) мавжудлигига, инфекцион жараённинг оғирлик даражасига, асоратлар борлигига ва вирусга қарши давонинг ўз вақтида бошланганлигига боғлиқ.
Шундай іилиб, рационал ёндашувлар ва тўғри танланган акушерлик ва умумтерапевтик тактика она ва боланинг ҳаёти ва соғлигини сақлашда ёрдам беради.
Насиба Аллабердиева,
туман перинатал маркази акушер – генекологи