Оромгоҳлар фаолияти эътиборимизда

Навбатдаги ўқув йили якунланиши билан ота-оналар фарзандларининг ёзги таътилини унумли ўтказиш учун турли режалар туза бошлайди. Бунда ҳудуддаги мактаболди оромгоҳлари анча қўл келади.
Туманимиздаги 33-умумтаълим мактабида ана шундай мактаболди «Қуёшча» оромгоҳи ташкил этилган бўлиб, у ерда яшаш жойи мактабга яқин бўлган болалар таҳсил олиши ва ёзги таътилни мароқли ўтказиши мумкин. Бунинг учун барча зарур шароит яратилган.
– Оромгоҳимизда Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ғояларини сингдиришга ҳаракат қилганмиз, – дейди мактаб директори ўринбосари Маҳмуд Эшдавлатов. – Ўқувчилар ёзги таътилда асосан дам олиши зарур. Оромгоҳимизда 80 нафар тарбияланувчига 23 нафар тарбиячилар бириктирилган. Оромгоҳ дастурида спорт, меҳнат ва мусиқа тўгараклари фаолиятига алоҳида эътибор берилди. Хорижий тиллардан ўзлаштириши паст бўлган болалар учун алоҳида тил тўгараклари фаолият юритади. Мактаболди оромгоҳи, аввало, ўқувчига мазмунли ва завқли ҳордиқ олишига ёрдам беради. Шу борада ўқувчиларнинг саломатлиги, тўғри овқатланиш рационига амал қилдирамиз. Санитария қоидаларига эътибор қилинган ҳолда оммавий тадбирлар очиқ осмон остида ўтказилади. Ўқувчиларни қабул қилишда ҳам уларни махсус текширувдан ўтказамиз. Маълумот учун, ёзги таътилда оромгоҳлар ташкил этиш учун мактабларда кенг дала ҳовли, спорт майдонча, малакали тарбиячилар ва салоҳиятли педагог-кадрлар бўлиши талаб этилади.
Дилноза Мўминова,
туман кенгаши депутати