I тип болалар стадионида туман фавқулодда вазиятлар бўлими, ХТБ, МК “Ватанпарвар” Қумқўрғон туман ЎСТК, туман мудофаа ишлар бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман бўлими ҳамкорликда “Ёш қутқарувчи” танловининг туман босқичини амалга оширди.
Тўртта минтақавий ҳудудлардаги мусобақаларда биринчи ўринни эгаллаган спортчиларга финал босқичида қатнашиш имкони берилди. 14-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати, 20- ва 64-сонли умумтаълим мактабларнинг ўқувчилари ғолиб сифатида, 80-сонли умум таълим мактабининг ўқувчилари норасмий тарзда машқларни бажарди. Ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг арқондан ўтиш, моҳир мерган, арқон боғлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, 400 метр масофага эстафета усулида югуриш каби шартларни бажаришини назорат қилди. Умумий натижаларга кўра, 14-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. 20-сонли умумтаълим мактаби жамоаси фахрли иккинчи ва 64-сонли умумтаълим мактаби спортчилари фахрли учинчи ўриндан жой олди. Туман фавқулодда вазиятлар бўлими фахрли ўринларни эгаллаган жамоаларни ва энг фаол иштирокчиларни фахрий ёрлиқлари ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари, китоблари билан тақдирлади. 1995-ҳарбий қисмдаги ёнғин хавфсизлиги хизмати бошлиғига туман ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.
Ўз мухбиримиз