Фармон ижроси амалда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6118-сонли Фармонига мувофиқ Мажбурий ижро бюросига бир қатор муҳим вазифалар юклатилган. Хусусан, мазкур фармонга асосан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб, давлат фойдасига ундирув билан боғлиқ 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи пропорционал тартибда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, ушбу 6 та йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими томонидан жорий йилнинг январь ойида жами 348,2 миллион сўм амалда ундирилиб, шундан 175,2 миллион сўм қисми “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига ўтказилиши таъминланди. Шунингдек, мазкур фармон билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисоб варағи билан интеграция қилинади.
Натижада Бюро томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади. Алимент пуллари, шу жумладан, қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент қарздорлиги алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисоб варағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади. Бу эса ўз ўрнида алимент ундирувлари билан боғлиқ ижро ишларини назорат қилиш имкониятини беради.
Ҳозирги кунда Бюронинг Қумқўрғон туман бўлими иш юритувида 1285 та ижро ишлари мавжуд бўлиб, ундирувчиларнинг номига 1285 та банк пластик карталари олиш учун ҳужжатлар расмийлаштириб берилди.
А. Холмуротов,
Мажбурий ижро бюроси Қумқўрғон туман бўлими бошлиғи