Пенсия ва нафақалар тўғри таминланиши ҳамда тўланиши бўйича 2021 йилдаги давлат дастурига киритилган ўзгаришлардан ҳабардормисиз?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.02.2021 йилдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Фармонига кўра:
Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида 2021 йил 1 июндан бошлаб:
пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;
уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинади;
ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;
пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;
пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси) тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банклари филиалларида банк пластик карталарини очиш жараёнида ёки банк мобиль иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;
фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали пенсияларни нақд пулсиз шаклда олувчи шахслар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ҳамда масъул ходимлар томонидан жойларга чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади.
Пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 февраль ҳолатига бўлган қарздорлиги ҳисобдан чиқарилсин.
О. КАРИМОВ,
туман бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари