Савол беринг, жавоб берамиз!

Саволларга “Мадад” ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Маматов Фахриддин жавоб беради.

Савол. Синглим 15 ёшда. Ота онам унга қўйган исм ёқимсиз экан. Исмини ўзгартираман деб туриб олган. Исмини ўзгартириш мумкинми ва ўзгартириш мумкин бўлса қайси ташкилотга мурожаат қилишимиз керак?
Жавоб. Ҳа, исмини 16 ёшга тўлгач ўзгартириши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларига асосан ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат қилади. ФҲДЁ органи томонидан фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги аризалар қуйидаги ҳолларда:
«Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига биноан;
суднинг ҳал қилув қарори асосида;
агар фамилия ва исм эшитилишда ёқимсиз бўлса;
агар фамилия ва исм миллатига тўғри келмаса;
хоҳишга қараб никоҳгача бўлган фамилияга (никоҳда турган даврида ҳам, никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам) қайтишда;
оила учун умумий фамилияда бўлиш истаги пайдо бўлганда (агар никоҳ тузиш пайтида эр-хотин умумий фамилия қабул қилишмаган бўлса);
16 ёшга тўлган шахсга оталикни белгилашда кўриб чиқилади.
Демак, синглингиз исмини ўзгартириш учун 16 ёшга тўлгандан сўнг турар жойидаги ФҲДЁ органига ариза билан мурожаат қилиши лозим. ФҲДЁ органи томонидан шахснинг исми эшитилишида ёқимсиз бўлса кўриб чиқилади.

Савол. Мен Россия Федерациясида яшайман. Фамилиямни ўзгартирмоқчиман. Бунинг учун Ўзбекистонга бориб ФҲДЁ органига ариза беришим шартми?
Жавоб. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 177-бандига асосан Ўзбекистон Республикасининг чет элда доимий яшовчи фуқароларининг аризалари консул томонидан кўриб чиқилади. Аризага мазкур қоидаларнинг 162-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Зарур ҳолларда консул аризачининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ва ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзувларини ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали талаб қилиб олади.
Йиғилган ҳужжатлар асосида консул Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикасининг ёки ариза берувчи доимий яшаб турган давлатнинг ваколатли органларидан ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартиришига рухсат берилганлиги ҳақидаги хулосани олиши зарур.
Ушбу хулоса асосида консул фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ҳақида асосланган хулоса тузади ва уни йиғмажилд билан бирга ўзгартириш киритилиши лозим бўлган далолатнома ёзуви сақланаётган ФҲДЁ органига юборади.

Демак, Россия Федерациясида жойлашган консуллигимизга юқоридаги талаблардан келиб чиқиб ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.