ҚАРОР ИЖРОСИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА

Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман судида жорий йилнинг 17 ноябрь куни ўтказилган суд мажлисларида Қумқўрғон туман ИИБ бошлиғининг такдимномаларига асосан туманда яшовчи жами 7 нафар маҳкумга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддасига асосан жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга доир материаллар кўрилди.
Суд давомида мазкур маҳкумларнинг ижобий томондан тавсифланиши, жазони ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганликлари, белгиланган тартиб-қоида талабларига тўлиқ риоя қилганликлари, суд томонидан тайинланган жазони ҳақиқатда ўтаб келаётганликлари ҳамда содир этган қилмишининг оқибатини тўла англаб етган ҳолда тузалиш йўлига ўтганликлари аниқланиб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.
Шу билан бирга уларга жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 73-моддаси 5-қисмида кўрсатилган оқибатлар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги қонун талаби тушунтирилди.
Қайд этилган тартибда жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган маҳкумлар уларга суд томонидан берилган ушбу имкониятдан миннатдор эканликларини эътироф этган ҳолда, келгусида жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этмасликка, жамиятимиз ривожига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишга ваъда беришларини билдиришди.
                                                                     О. Эргашев,
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди раиси
                                                              С. Сувонқулов,
Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди судьяси