ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Ёшларга доир давлат сиёсатида ўғил-қизларнинг истеъдоди ва иқтидорини ривожлантириш, ўзлари қизиққан касблар билан шуғулланиб, мустақил ҳаётдан муносиб жой олишларига ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Тадбиркорликка қизиққан ёшларга ўзлари танлаган меҳнат тури билан банд бўлиши учун илғор технологияларни олиш, уларни харид қилишда банкларнинг имтиёзли кредитидан фойдаланишга шарт-шароитлар яратилган. Ватанпарварлик туйғуларини ривожлантириш ёшидаги тумандошларимиз мудофаа ишлари тизимидаги қулайликлардан баҳраманд бўлишаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси ва туман ҳокимлиги ҳамкорликда 3-сонли умумтаълим мактабининг мажлислар залида Дўстлик, Улуғбек, Сурхон соҳили маҳалла фуқаролари йиғинларидаги ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбирда туман ижтимоий ҳаётида кўп йиллик иш тажрибаларига эга туман ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Н. Алланазаров, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи З. Хидирова, туман ёшлар агентлиги ишлари бўлими бошлиғи А. Каримов, туман Халқ қабулхонаси ходимлари қатнашди. Маҳаллалардаги ёшлар бу имкониятдан унумли фойдаланиб, ўзларини ўйлантираётган турли масалалар бўйича мурожаат қилди. Учрашувда 29 нафар ёшларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Улардан 12 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредит ажратиш, 16 нафари иш билан таъминлаш, бир нафари бир ойлик ҳарбий хизматга бориш тўловини тўлаш бўйича ёрдам сўради.
Тегишли ташкилотларнинг раҳбарлари ёшларимизга ҳар томонлама ёрдам бериш ниятида меҳрибонлик кўрсатиб, билими ва мавжуд шароитларни амалда қўллади. Бир гуруҳ ёшларга иш ўринларини таклиф қилди. Бир қатор мурожаатлар мазмуни ва имкониятлар назарда тутилиб ҳал этиш учун назоратга олинди. Бундай мурожаатлар мутасадди ташкилотларга юборилиб, тегишли топшириқлар берилди.
     Рустам ТЎХТАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қумқўрғон туманидаги Халқ қабулхонаси мудири