Вояга етмаган шахсни чет елга олиб чиқиш тартибидан ҳабардормисиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқадиган ҳолларда уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади. Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқиш учун ҳақиқийдир.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлади. Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади: туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга; бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.
Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади: Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда; илгари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан ҳужжатлаштирилмаган, консуллик рўйхатига олинган фуқаролар хорижда бўлганида; фарзанд хорижда туғилганида; хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганида; фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганида; ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида; маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида; хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкаси яроқсиз ҳолга келганида; хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқотиб қўйилганида; хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида.
Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: белгиланган шаклдаги ариза-анкета; биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома; илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда); ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида); ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун; давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция; ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги — вояга етмаганлар учун; фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун.
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.
Доимий яшаш учун хорижга чиқишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса — вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси маълумотларни йиғиш пунктларига тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаросига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида қуйидаги ҳолатларда ота-оналардан бирининг розилиги талаб қилинмайди: ота-онанинг бири вафот этганлигида (вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилган тақдирда); фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан берилган ёлғиз онанинг маълумотномаси мавжуд бўлганида; агар боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида; ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда); ота-онадан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда); ота-онадан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда); агар ота-онанинг бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўчирилганида ва хорижда доимий яшаётганида.
Ушбу масала юзасидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида чиққан ҳар қандай низолар суд тартибида ҳал қилинади.
Ота-онанинг бири ўз боласининг хорижга чиқишига рози бўлмаган тақдирда, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
16 ёшга тўлмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), ушбу шахсларни хорижга юбораётган ташкилотларнинг вакиллари тегишли илтимосномалар билан мурожаат қиладилар.
16 ёшга тўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари унинг ота-оналарига, васийлари (ҳомийлари)га, хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган ташкилотларнинг вакилларига берилади.
Фахриддин Маматов,
Мадад” ННТнинг Қумқўрғон туман ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутаҳассиси