Номига нолойиқ оналар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби «Оила» боби бўлиб, ушбу бобга мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидалиги ҳамда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари давлатнинг бош Қомусида бежизга белгилаб қўйилмаганлигидандир.
Ҳозирги вақтда, оила қурган ёшлар ҳаттоки ўрта ёшдан катта жамият фуқаролари томонидан энг ачинарлиси ўз фарзандларини сотиш ҳолатлари ҳамда турмушдан эрта ажралиш даражалари жуда кўпайиб кетаётганлиги турли ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган статистик кўрсаткичларда яққол кўзга ташланиб турибди.
Жамиятнинг ҳар бир оила аъзоси, яъни оиланинг ота-онаси Конституция ва қонунчилигимизда оиланинг ҳамда оиладаги фарзандларнинг ўрни, ҳар бир оиладаги ота-оналарнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тубдан онгли равишда тушуниб етмоғи лозим.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснолиги кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Ҳар бир ота-онанинг масъулиятини ошириш ва оилавий муносабатга нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашган ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига биноан жазо чоралари белгилаб ўтилган.
Тумандаги “Нефтчилар” маҳалласида яшовчи фуқаро П.Г.(Исм – фамилияси ўзгартирилган) 2009 йилдан буён Россия Федерациясига ишлашга кетиб, икки нафар вояга етмаган фарзандларидан шу вақтгача умуман хабар олмаган. Шу сабабли суд фуқаролик ишини жавобгар П.Г. иштирокисиз Ўзбекистон Республикаси ФПК нинг 164-моддасига асосан кўришни лозим топади. Суд қарорига мувофиқ П.Г. оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Барчамиз фарзандларимизнинг бекаму кўст яшашлари учун ишлаймиз. Фарзандларимизнинг қорни тўқ, усти бут бўлишини истаймиз. Бироқ орамизда ишлаш учун ўзга мамлакатга кетиб, фарзандлари тақдиридан хавотир олмаётган оналар ҳам учраб турар экан. Боламиз ёнимизда бўлсада бирор жойи оғриб қолса, улар билан биргаликда дард чекамиз. Мижжа қоқмаймиз. Беғубор фарзандларидан воз кечиб, ўз билганича ҳаёт кечираётган оналарнинг борлиги аламлидир.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатимизнинг Конституцияси ва қонунларида бола манфаатини ҳимоя қилиш бўйича етарлича асосли ҳужжатлар мавжудлигини эътиборга олган ҳолда ҳар бир оила, ота-она ўз фарзандларининг келажаги бўйича қайғуришса, шу билан келажакда юртнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига катта ҳисса қўшган бўлар эди.
М. Пардаев,
туман прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи