“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалига қарашли Қумқўрғон туман газ таъминоти бўлими ҳисобида 7061 та табиий газдан фойдаланувчи бор. Давлатимиз табиий газ етиб борган хонадонларда қулайликларни яхшилаш мақсадида янги турдаги ақлли газ ўлчагичларни жорий этди. Янги ўлчагичлар давлат томонидан бепул берилиб, тўловларсиз ўрнатилмоқда. Бу йил туманимизга 838 дона ақлли газ ўлчагичлар олиб келинди. Боғаро, Янги шаҳар, Нефтчи, Дўстлик, Улуғбек маҳаллаларидаги хонадонларга ўрнатилди.
Ақлли газ ўлчагич аввалгисига қараганда қулай. Янги ўлчагич ёнидаги редуктор билан бирга ўрнатилаяпти. Аввалги паст босимли редуктордан кўра афзалликларга эга. Энди ўрта босимда газ етказиб берилмоқда. Янги редуктор бу газни паст босимга тушириб истеъмолчига беради. Бунда аввалгидек кўча бошидаги хонадонларда газ яхши ёнаяпти, кўча охиридагиларга кам келаяпти, – деган гаплар барҳам топади. Ҳамманинг хонадонида газ бир хил меъёрда ёнади.
Ўлчагичнинг аниқлаш даражаси юқори. Фойдаланилган газ ҳақида маълумотлар туман газ базасига онлайн тарзда етиб келади. Кимнинг хонадонида газ бор, кимда йўқ ёки авария ҳақидаги маълумотлар билан хабардор қилади. Агар табиий газнинг ўчиб-ёниш пайтида хонадон эгаси уйида бўлмаса, газ очиқ қолган ҳолатда автоматик тарзда ўчади. Газ сизиб чиқиб уйда тўпланиши, портлашнинг олдини олишда қулай.
Истеъмолчиларга қарзга газ берилмайди, ўлчагичнинг ўзи таъминотдан узади. Аввалдан пул тўланса ёқади. Истеъмолчилар пул тўлашнинг замонавий усулларини қўллашлари мумкин. Уйида ўтирган ҳолатда қўл телефонидан клик воситасида пул ўтказиш имконига эга. Пул тўлангани ҳақида маълумот туман газ базасига келганданоқ хонадон соҳибига газ берилади.
Келгуси йил туманимизда апрель ойидан май ойининг охиригача янги ақлли газ ўлчагичлар ўрнатилади. 1 июнь ҳолатига туманимиздаги табиий газ ёқувчилар тўлиқ бундай ўлчагичлар билан таъминланиши керак. Шунда назоратчилар меҳнатига эҳтиёж бўлмайди, улар хонадонларга бориб газни узиши ёки ўлчаши шарт эмас, уйларга газ идорасидан хат келмайди.
О. РЎЗИЕВ,
туман газ таъминоти бўлими бошлиғи