Унутманг сўз еркинлиги ўзгалар ҳуқуқини поймол қилиш дегани емас

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда сўз эркинлиги ва жамиятда очиқлик таъминланаётгани одамларнинг ижтимоий тармоқлар орқали эркин фикр юритишида ўзига хос ўзгаришларни юзага келтирди. Бу жараёнда ижтимоий тармоқлар орқали қилинган маъно-мазмунли, манзили аниқ мурожаатлар мутасаддилар томонидан ўрганилиб, имкон даражасида ижобий ечим топаётгани қувонарлидир.
Вазиятни тўғри бахолаб, жисмоний ёки юридик шахснинг масалаларини холислик билан ижтимоий тармоқлар орқали холис ёритиб бераётган аксарият блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари жамиятимиздаги муаммо ва масалаларни ечишга кўмаклашаётгани сир эмас. Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек баъзи блогерлар томонидан айрим нохушлик ёки тушунмовчиликлар ижтимоий тармоқларда бўрттириб, кучайтириб кўрсатилаётгани шу юрт, шу Ватан фарзанди бўлган µар бир инсонни ўйга толдирмоқда. Ишонувчан, соддадил юртдошларимизни чалқитаётир.
Бундай бир ёқлама ёндашувлар натижасида воқелик тамоман бошқача тус олиб, ўзгача манзара касб этмоқда. Айниіса, аёлларнинг қадр-қимматини топтайдиган, рахбарларни халқ орасида обрўсизлантирадиган, бозорларнинг бузилиши-ю махаллада ун вақтида етказилмаётгани тўғрисидаги хабарларни қайта-қайта жойлаштириш ҳолатлари кўпайиб кетгани таажжубланарлидир. Бундай «адолатли» «блогер» ва ижтимоий тармоқ фаоллари наздида, гўёки, мутасадди идора раҳбар-ходимлари «пашша қўриб» ўтиргандек таассурот уйғотади. Аслида вазият эса ўзини «адолатпарвар» қилиб, кўрсатаётган ижтимоий тармоқ фаоллари таърифлаётганидек эмас. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолаётгани йўқ. Имкон қадар фуқароларнинг манфаати ҳимоя қилиниб, уларга ёрдам кўрсатилмоқда, ўртага ташлаётган муаммолари ҳал этилаётир.
Сўнгги йилларда блогерлик атамаси ҳаётимизда кенг қўлланилмоқда. Сўз айтиш масъулиятини ҳис қилган ҳам, оғзидан чиқаётган гапнинг мазмунини, унинг ижтимоий аҳамиятини тушунмаётган баъзи шахслар блогерликни даво қилаётганини кўриб, кузатиб турибмиз. Сўз эркинлиги ниқоби остида яна бир удум пайдо бўлмоқдаки, айрим фуқаролар блогерликни ниқоб қилиб, ўзининг шахсий манфаати йўлида маълум бир воқеани нохолис, чуқур таҳлил қилмай, юзаки хулосалар билан жузий камчиликларни ҳам шишириб кўрсатишга уринмоқда. Ҳатто ёлғон (фейк) хабарлар тўқиб, жамоатчилик эътиборини тортишга ҳаракат қилаётир. Уларнинг бундай ғаразли «саъй-ҳаракатлари» ижтимоий тармоқ кузатувчиларини ваҳимага, саросимага солиб қўяётгани ачинарлидир.
Сўз эркинлиги асосида ижтимоий тармоқлар орқали турли ижтимоий муаммолар ёритилаётгани яхши, аммо сўз эркинлиги кимнидир айблаш, хур фикрлашни суистеъмол қилиш, дегани эмас. Иш бор жойда камчилик кузатилиши табиий ҳол. Аммо тузатилиши мумкин бўлган камчилик-нуқсонни ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, дунё миқёсида вилоят ва республика даражасидаги мансабдор шахсларни обрўсизлантириш, халқимизни чалғитиш ёки улар орасида саросима уйғотиш инсофдан эмас. Тўғри, сўз эркинлиги Бош Қомусимизда кафолатланган. Аммо бу бошқаларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳуқуқини беради, дегани ҳам эмас. Ёки тарқатаётган хабар ортида бошқаларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқ ва манфаатлари турганини унутиш дегани ҳам эмас.
Тан олиш керакки, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги хабарлар, керакли ё кераксиз маълумотлар ортидан эргашувчилар ортиб бормоқда. Бунинг кетидан ўзини блогерман, деб атаётган ҳамюртларимизнинг ёзган маълумотларини аслидек қабул қилишга ўрганиш ҳисси пайдо бўлмоқда. Оқибатда шундай вазият шаклланмоқдаки, глобал тармоқдаги маълумотларни мулоҳаза қилгимиз, танганинг иккинчи томонини кўргимиз келмай қолаётир. Жумладан, бугун блогерларимиз навбатма навбат гўёки пойга ўйнаётгандек, эскирган бозорларнинг бузилаётганини, 4-5 нафар тадбиркорнинг ишсиз қолаётганини рўкач қилиб, шов-шув кўтараяптию, аслида мутасадди раҳбарлар бозорлар фаолиятини кенгайтириш учун замонавий бинолар қуриб, сотувчи учун ҳам, харидор учун ҳам замонавий шароитлар барпо этаётгани, янгидан янги иш ўринлари яратаётганини айтишга тиллари бормайди. Шу ерга келганда танганинг бу томонига қарашни унутади. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Денов, Бойсун туманларида ўтган аср ўрталарида қурилиб, маънан эскириб қолган, бугунги талабга жавоб бермайдиган деҳқон бозорларининг ёпилганию, айрим фуқароларнинг вақтинча ишсиз қолаётгани видео тасвирга олиниб, қайта-қайта ижтимоий тармоққа жойланаяпди-ю, давлат дастури доирасида уларнинг ўрнида замонавий услубдаги янги бозорлар қурилиб, ишга туширилгани, бу ерда сотувчи ва харидорлар учун барча қулайликлар яратилгани ҳақида лом-мим дейилмаётгани ажабланарлидир.
Блогерларнинг саъй-ҳаракати билан суратга олинган, кишиларнинг норози кайфияти акс этган видеоларни кўрганда, барака топгур халқ ғамини ўйловчи блогер ўзингизни ва икки-уч киши манфаати йўлида вилоят ёки республика миқёсидаги раҳбарни айбламанг. Сиз кўриб турган ҳолатни улар ҳам кўришяпти, сиздан кўпроқ ҳис қилишяпти, муаммони тезроқ ва ҳеч кимга зарар етказмайдиган усулда ҳал этишга ҳаракат қилишяпти, дегиси келади, кишининг.
Тўғриси, ҳозирги пандемия даври катта-ю кичикни, раҳбару ходимни, бир сўз билан айтганда ҳаммани толиқтириб қўйди. Ортиқча ҳаракат, ўринсиз гап-сўзлар ҳеч кимга ёқмаётгани ҳам бор гап. Шунга қарамай Президентимиз раҳбарлигида вилоят ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз ҳудудларида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, пандемия даврида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳар бир оиланинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш бўйича бир қатор хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Шундай вақтда ўзини блогерман, деб атовчи ҳамюртларимиз ўйлаб топилган исмлар остига яшириниб, кинояли постлар, инсонларнинг шаъни ва қадр-қимматини, ишчанлик обрўсини қораловчи ахборотларни тарқатмасдан карантинда қийналаётган фуқароларга қўлдан келганча холис кўмак берса яхши бўлар эди. Афсуски, бундай кимсалар ёрдамга муҳтож кишига кўмак беролмаслиги етмаганидек, маънавий далда бўлиш ҳақида ҳам ўйламаяпти. Аксинча ижтимоий тармоқда фаолман, дегувчи блогерлар амалдаги вазиятга бир ёқламалик назари билан қараб, раҳбарлар ва фуқаролар ўртасида адоват уруғини сепувчи воситага айланиб бормоқда. Лўнда қилиб айтганда, биз ҳақ сўз учун бошни кундага қўйган миллат аждодларимиз. Ҳозирги глоббалашув даврида нима ҳам деяр эдик: яратганнинг ўзи орамиздаги бундай кимсаларга инсоф, диёнат берсин. Ҳеч биримизни ҳақ сўзни айтишдан айирмасин. Сўз эркинлиги ниқоби остида ўз манфаати учун бошқалар дилига ноҳақ озар етказишдан, эл олдида юзи шувут бўлишдан яратганнинг ўзи асрасин!
Заҳриддин ТЎРАЕВ,
Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари