Телефон ўғрисига жазо тайинланди

Жамиятимизда одоб-ахлоқ таълим-тарбиянинг негизи ҳисобланади. Бунга эришиш учун узлуксиз равишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Оиланинг болаларни тарбиялашдаги ўрни катта. Халқимизнинг “Бир боланинг тарбияси учун етти қўшни жавобгар” деган мақоли бу иш қўни-қўшниларнинг ҳам масъулиятли вазифаларга эгалигини кўрсатаяпти. Ёшлар ўқув муассасасида таълим-тарбия ўрганиб, инсоний фазилатлари ривожланади, комил инсон бўлиб вояга етади. Оила, умумтаълим мактаби фарзандларнинг одобли-ахлоқли бўлиб улғашишидаги улуғ даргоҳлар ҳисобланади.
Бу қадрдон масканларда улкан ишлар амалга оширилаётганига қарамай айрим ахлоқсиз, ўзгалар мулкига кўз олайтириб яшашга ўрганганлар борлиги ачинарли ҳол. Тумандаги “Янгишаҳар” маҳалласида яшовчи, 23 ёшли З. М. (исми, фамилияси ўзгартирилган) ўғири, фирибгар сифатида ном чиқарди. 2019 йилдан буён Қумқўрғон, Шўрчи туманлари ва Термиз шаҳри суди қарори билан 3 марта жиноий жавобгарликка тортилган эди. “Кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деган мақолнинг мазмунидан тўғри хулоса чиқармаган фуқаро тўртинчи марта оғир турдаги хавфли рецидив жиноятларни содир этди. Бу гал шахсий манфаат топишнинг янгича усули – уяли телефон аппаратини товламачилик йўли билан қўлга киритиб, мўмай бойлик ортиришни мақсад қилди. 2020 йил 4 октябрда “Азларсой” маҳалласида яшовчи фуқаро Ш. Х. (исми, фамилияси ўзгартирилган)нинг ишончига кириб, унинг мулки бўлган 1500000 сўмлик “Samsung A10S” русумли телефон аппаратини вақтинча фойдаланиш учун олди. Алдаб олган телефонни эгасига қайтариб бермасдан Шўрчи бозорида нотаниш эркакка сотиб юборди. Ноқонуний топган пули эвазига Тошкент шаҳрига бориб, бир неча кун маишат қилиб қайтиб келди. Нафс балоси уни яна ўз домига тортди. Ҳаром пул топиб, ҳузурланиб яшаш унга ёқиб қолди. Мақсадига эришиш учун бу гал “Беш қаҳрамон” маҳалласида яшовчи фуқаро Р. Ю. (исми, фамилияси ўзгартирилган)ни лаққа ишонтирди. 2020 йил октябрь ойида унинг 1600000 сўмлик “Samsung A10S” русумли телефон аппаратини алдов йўли билан қўлга киритди. Ўлжасининг эгасига “Янгамнинг укаси Шўрчи туман касалхонасида ётибди”, – деб алдаб автомашинасида кийим-кечак олиб бориш важини айтди. Касалхонага боргач эса автомашинадан тушиб, ўзини гўё беморнинг аҳволидан хабарлашгандек кўрсатди. Касалхонага кириб-чиқиб, телефонини бериб туришни, янгасига ниманидир уяли телефон воситасида етказиб бериш зарурлигини айтди. Ниятига етгач “Ўрганган кўнгил ўртаса қўймас” қабилида иш тутди. Телефонни сотиб, унинг эгасига моддий зарар етказди.
“Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма” деган нақлнинг маъносини тушунмаган, унга амал қилиш ўрнига алданиб қолган фуқаролар ҳуқуқий орган вакилларидан ёрдам сўради. Даъвогарларнинг арзлари қонуний йўл билан ўрганилиб, айбдорга жазо тайинланди. Энди у нотўғри хатти-ҳаракатлари учун бир неча баробар кўп зиён кўрди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Фуқаровий даъвогарларга етказган моддий зарари ундириб олинадиган бўлди.
Кейинги пайтда уяли телефон аппаратларини ўғирлаш жинояти кўпайди. Мўъжазгина, ўзаро сўзлашувга қулай бўлган алоқа воситаси айрим кимсалар учун даромад манбаига айланаётганлиги ачинарли. Ҳалоллик, тўғрилик, ўзгалар мулкига кўз олайтирмасдан яшаш инсоний фазилатлар мужассам бўлган кишиларга хос. Яхшиликларни ўзига эп билиб яшаганлар ҳаётда кам бўлмайди.

О. ЭРГАШЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди раиси
Ш. КАРИМОВ,
Қумқўрғон туман прокурорининг ёрдамчиси