Қумқўрғон пахтакорлари шартномасини бажарди

Бу йил бободеҳқонлар масъулиятли синовдан ўтди. Эрта баҳордан коронавирус инфекцияси тарқалиб, пандемия эълон қилиниши улардан сергак ишлашни талаб этди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, механизаторлар, деҳқонлар карантин талабларига риоя қилиб, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлашга эътибор берди. Карантин пайти айрим ташкилотларда ва корхоналарда меҳнат қилиш чекланганлиги иқтисодий манфаатдорликни оширишни тақозо қилди. Қишлоқ хўжалиги соҳаси фаоллари иқтисодни ривожлантириб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш мумкинлигини тўғри тушунди.
Очиғи бу йилги қишлоқ хўжалиги йилида туманимиз деҳқонларининг омилкорлиги, ғайрат-шижоати таҳсинга лойиқ. Далаларга чигит экиш, униб чиққан ғўзаларни агротехника қоидаларига амал қилиб парваришлашда намуна кўрсатди. Ёз фасли об-ҳавосининг иссиқ келишига панд бермасдан қаҳрамонларча меҳнат қилишди. Бир қатор ва қўш қатор уруғ экилган далаларда деҳқончилик маданиятини намоён қилди. ғўзаларда мўл ҳосил нишонларини етиштириб, шона тўкилиши, зараркунандаларга қарши кураш, экинни қондириб суғориш, культиваторлар меҳнатини тўғри қўллаш ишларида тадбиркорлик фазилатларини кўрсатди.
Халқимизнинг “Излаган имкон топар” деган мақолига амал қилиб, ҳар туп ғўзада мўл ҳосил етиштирилди. Уларни ўз вақтида йиғиб-териб олиш тадбирларини уюшқоқлик билан бажарди. Оппоқ пахталарни об-ҳавонинг қулай вақтларида йиғиб-териб олишда фермер хўжаликлари, кластер ва аҳолининг банд бўлмаган вакилларининг теримчилигидан кенг фойдаланилди. Ҳар бир теримчи билан меҳнат шартномаси тузилиб, терим пулларини бериш ва уларни руҳлантиришга аҳамият берилди. Халқимизнинг “Қимирлаган қир ошар” деган мақоли амалда тўғрилигини яна бир бор исботлади. Буни туман миқёсида олиб қарасак, қабул пунктларига туман бўйича 26477 тонна пахта топширишга шартнома тузилди. Улкан хирмоннинг асосий қисми биринчи теримдаёқ терилиб, давлат хирмонига етказиб берилди. Бунинг учун 89 та транспорт, 192 та тиркама маромида ишлатилди. Теримчиларга қулай шароитлар яратишга эътибор қаратилди. Тарозилар, этаклар билан таъминланди. Уюшқоқлик билан қилинган меҳнат ўз натижасини инъом қилди. Туманимиз пахтакорлари пахта топшириш борасида вилоят миқёсида пешқадамлик қилди. Улар вилоятимизда биринчи бўлиб шартнома режасини бажариб, кўпчилик туманларнинг пахтакорларига ўрнак бўлди.
Туманимизнинг зафар маррасига етишига туман ҳокими раҳбарлигидаги I сектор, Қоракўлча, Х. Баратов, С. Бойматов, Хўжамулки, Ш. Мирзаев, Ўзбекистон каби ҳудудларнинг азаматлари шартномасини 100-102 фоиз бажариб муносиб ҳисса қўшди. Туман ҳокими раҳбарлигидаги сектор шартномага нисбатан кўп – 10852,7 тонна, С. Бойматов ҳудуди 6046,2 тонна, Ш. Мирзаев ҳудудиди 1793,8 тонна, Қоракўлча, Х. Баратов ҳудуди 987,2 тонна, Хўжамулки ҳудуди 798 тонна пахта териб, шартномага нисбатан зиёд ҳосилни қабул пунктига топширганлиги ҳам қувонарли ҳол. Шунингдек, Термиз Жайхун кластер, Камолот, Н. Мирзаев, Қумқўрғон ҳудудлари ҳам туман пахтакорлари қаторида йиллик шартномасини бажарди. Н. Мирзаев ҳудуди 4050 тоннадан зиёд, Беш қаҳрамон ҳудуди 2700 тоннадан кўп, Қумқўрғон ҳудуди 2370 тоннадан ошириб, Камолот ҳудуди 1300 тоннадан ортиқ “оқ олтин” териб топширди.
Бу йил 148 та фермер хўжалиги ва Термиз Жайхун кластер далаларида пахта етиштирилди. Пишиб етилган ҳосилни ўз вақтида, нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб топшириш учун 145 та отряд тузилиб, меҳнат қилди. Нодирбек Жумаев, Шахзод Олтибоев, Зилола Руслан, Насиба Суюнова, Хожимурод Маматраимов, Шахноза Мухаббат, Саодат, Жасур Қароров, ўаффор, Хуршид Жўраев номли фермер хўжаликлари шартнома режасига нисбатан кўп пахта териб, қабул қилиш масканига етказиб берди. Бу фермер хўжаликлари шартномасини 100-107 фоизга бажариб, туманда биринчилардан бўлиб довон ошдилар. Туманимизнинг ғолиб пахтакорларини зафар маррасидан ошганлиги муносабати билан муборакбод этамиз.

Н. МУҲАММАДИЕВ