Қонундаги янги ўзгаришлар билан танишинг

Президент томонидан 2020 йил 3 декабрда тасдиқланган  “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6121-сонли Фармонига асосан  2021 йил январдан мол-мулк ва ер солиқларини кадастр қиймати асосида ҳисоблаш тизими босқичма-босқич жорий этилади.
Ҳужжатга биноан 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари Солиқ кодекси билан белгиланадиган солиқ ставкалари асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун туман ва шаҳарлар кесимида, уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғи ставкасига 0,5 дан 2,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда ер солиғи ставкаларини белгилайди;
б) туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари Жўқорғи Кенгес ва вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланган, Тошкент шаҳри бўйича эса – СКда белгиланган ер солиғи ставкаларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, уларнинг ҳудудларида жойлашган даҳа, мавзе, маҳалла, кўча кесимида 0,7 дан 3,0 гача камайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритишга ҳақли.
Тузатишлар билан СКга ер солиғи ставкалари республиканинг ҳудудлари кесимида киритилади. Бунда, 2021 йилда солиқ юкининг кескин ўсишига йўл қўймаслик мақсадида:
• жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим;
• 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозим.
Биринчи босқичда мазкур тизим квартира, якка тартибдаги уй-жой ва дала-ҳовлилар учун қўлланилади.
Кўчмас мулк объектларини бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган:
• Биринчи босқич (2021-2023 йиллар) — кўчмас мулк бўлган турар-жой фонди объекти (квартира, якка тартибдаги уй-жойлар, дала-ҳовли), шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари;
• Иккинчи босқич (2022-2024 йиллар) — яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари.
2021-2022 йилларда бозор қийматига асосланиб, капитал қурилишга мўлжалланган объектлар ва ер участкаларидан фойдаланишга боғлиқ ҳолда кўчмас мулк объектларини кадастр қийматини аниқлаш бўйича синов тартибида республиканинг қуйидаги ҳудудларида “тажриба-синов” асосида ўтказилади:
• турар жой ва нотурар жойга (тижорий) мўлжалланган мол-мулк объектлари — Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани;
• ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектлар — Навоий вилояти Навоий шаҳри;
• рекреацион зона ва алоҳида қўриқланадиган ҳудуд объектлари — Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани;
• қишлоқ хўжалигига мўлжалланган объектлар — Бухоро вилояти Ромитан тумани.
Бозор қийматига яқин кадастр қийматига асосланган мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблашга ўтишнинг афзаллиги солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкини адолатли равишда тақсимлашдир.
Бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир эгалик қилувчига (фойдаланувчи) тегишли бўлган ва кўчмас мулк объектларини сифатли баҳолашдан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари бўйича тўлиқ ва ишончли маълумотлар базасини ташкил этиш учун ахборот тизимини такомиллаштириш, бозор баҳосига асосланган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш методикасини 2022 йил 1 январга қадар ишлаб чиқилиши Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги зиммасига юклатилган.
                                                                        Р. Султанов,
                                           туман адлия бўлими бошлиғи