Бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспортлари тантанали топширилди

Қумқўрғон туман ҳокимлигида кўп йиллардан буён Ўзбекистонда яшаб келаётган, аммо шу пайтгача фуқаролик ололмаган бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспорти тантанали топширилди.
Туман ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Р.Гаппаров иштирок этиб, барча Ўзбекистон паспортига эга бўлган фуқароларни табриклади ва уларга тантанали топширди.
-Майрам Поёнова Тожикистондан Ўзбекистонга келин бўлиб келганига 25 йил бўлган. 20 йилдан буён 1-сон касб-ҳунар мактабида ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Бироқ, шу йиллар давомида Ўзбекистон фуқаролигини олиш опа учун орзу эди. Майрам Поёнованинг қалбидаги кўп йиллик орзулари бугун амалга ошиб, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди.
ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунда белгиланган тартибга кўра, Қумқўрғон туманида яшаб келаётган 50 нафар фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат берилди.
Ҳозирги кунда Қумқўрғон туманида 1036 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат қилиб келмоқда. Шундан 215 нафарига фуқаролик паспорти берилган бўлса, 530 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлиш истагини билдирган. Айни вақтда, ушбу шахсларга фуқаролик бериш борасида ҳужжатлаштириш ишлари давом этаяпти.
Ў. Холмўминов,
туман ИИБ М ва ФРБ бошлиғи, капитан