Оқсой маҳалла фуқаролар йиғини номи Бешқаҳрамон деб ўзгартирилди

Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани Кенгашининг 2020 йил 8 октябрдаги қарорининг ижроси маҳалла аҳлининг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқарди. Бу хайрли ишда Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 октябрдаги шу қонунга мувофиқ географик объектларнинг номлари соҳасидаги ишларни тартибга солиш ва мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорлари, Географик номларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича вилоят комиссиясининг йиғилиш баёни асос бўлди.
Маълумки, “Бешқаҳрамон” давлат хўжалигида бир вақтда беш нафар қишлоқ хўжалиги ходими Меҳнат Қаҳрамони унвони билан мукофотланган. Улар давлат хўжалиги директори Дўстмуҳаммад Атарбоев, агроном, директор Степан Григориевич Богма, бош мухандис Владимир Иванович Еремеев, бригада бошлиғи Маматмурод Хўжамқулов, звено бошлиғи Абдулла Хўжамқулов бўлиб, узоқ йиллик самарали меҳнати, хўжаликнинг иқтисодини ривожлантириши, йиллик режаларни ортиғи билан бажарганлиги учун давлатнинг юксак унвонига сазовор бўлдилар. Меҳнат қаҳамонларнинг номларини абадий сақлаш, эришган ютуқларига чуқур ҳурмат-эҳтиромни намоён қилиш мақсадида “Оқсой” маҳалла фуқарорлар йиҳғини Бешқаҳрамон номига ўзгартирилди.
Таниқли қишлоқ хўжалиги ходимларининг анъаналарини давом эттирган бир гуруҳ хўжалик раҳбарлари фаол ва самарали меҳнат қилиб турли йилларда давлат мукофотлари билан тақдирланганли ҳам қувонарли.“Беш қаҳрамон”давлат хўжалигида директор лавозимида ишлаган Ҳайдар Баратов, Нуриддин Раҳмонқулов, Шавкат Сулаймонов, Меҳнат қаҳрамони Чори Алматов, Файзи Маматмуродов ҳам давлатимизнинг юксак орденлари, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотландилар.
Туман ҳокими Р. Гаппаров Беш қаҳрамоннинг тарихини, бой анъаналарини доимо ёдда сақлаш, Меҳнат қаҳрамонларининг руҳини шод этиш, уларнинг ишларини абадийлаштириш мақсадида 30 кишилик тадбирни намунали ташкил этди. “Осиё” тўйхонасида қутлуғ ишнинг бажарилишига бағишланган тантанали тадбирда туман ҳокими сўзга чиқиб эзгу тилакларини, туман пахтакорларининг вилоятда биринчи бўлиб шартномасини бажарганлигини мамнуният билан айтди. Тадбирда туманга турли йилларда раҳбарлик қилган Нормўмин Чориев, Муҳиддин Абдуллаев, Жўра Менглибоев, “Мунчоқтепа Истиқболи”фермер хўжалиги бошлиғи Марзия Исмоилова, Усмон ҳожи Сувонов ҳам табрик учун сўзга чиқиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирди. Жумладан, “Олтин чигит” қўшма корхонаси директори Ж. Менглибоев республикамиздаги 3 та вилоятга чигит етказиб беришаётганлиги ва қўшимча равишда 5 гектарда боғ яратаётганлиги, фермер хўжалиги бошлиғи М. Исмоилова давлатга пахта топшириш шартномасини 104 фоизга бажариб, туманнинг ютуғига муносиб ҳисса қўшганлигини қувонч билан айтди.
Туман санъаткорларининг дилдан қайнаб чиққан гаплари, тароналари, хонанда Шуҳратжон Узоқов ижро этган қўшиқлар барчага хусандчилик улашди. Туман бош имом хатиби Қаҳрамон Бойсариев бошчилигидаги мусулмонларнинг вакиллари ўтганларнинг руҳини ёд этиб, “Қуръон” тиловат қилди. Бешқаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғин раиси Низом Худойқулов бошчилигидаги маҳалла фаоллари ва ҳомийлар тадбирининг намунали ўтишига бош-қош бўлди.
Н. МУҲАММАДИЕВ