Қадринг баланд бўлсин она тилим

Дунёда энг азиз ва мўътабар зот бу онадир. Онаизоримиз ҳақида қанча гапирсак, қанча унинг хизматларини қилсак кам. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Бир сўз билан айтганда она сўзи ҳеч нарсага тенглаштирилмайдиган каломдир. Аммо, нутқимизда шундай уч сўз борки, бу сўзларга она сўзи қўшиб айтилади. Булар она Замин, она Ватан ва она тилдир.
Ватан деганда, биз тирик мавжудот фаолият юритадиган ҳудудни тушунсак, Замин тирик мавжудоднинг яшаши учун зарур бўлган ризқ-рўз манбаи ҳисобланади. Аммо, инсон яшаши учун яна бир муҳим омил борки, бу-тилдир. Ҳар бир миллатнинг ўз она тили бор. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу – миллатнинг руҳидир. Бирон бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмаслик миллатнинг руҳини йўқотмасликдир. Тилнинг биринчи маърифий аҳамияти шундан иборатки, тил туфайли жамият аъзоларининг ҳар бирида ҳосил бўлган билим оммалашиб, унинг кўпчилик томонидан ривожлантирилишига имкон туғилади. Бундан ташқари тил туфайли билим авлоддан авлодга оғзаки ва ёзма тарзда қолдирилади, натижада янги авлод ўтган авлоднинг ишини янгидан бошламасдан, уни давом эттиради. Мамлакатимизда 1927-1928 йилларда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилган бўлса, 1940 йил май ойидан кирил алифбосига, 1998 йил сентябрь ойидан яна лотин алифбосига ўтилди.
Тарих зарварақларини варақлар эканмиз яқин ўтмишда давлат тили рус тили бўлганлигини кўрамиз. Бу эса Республиканинг асосий қисми ўзбек бўлган халқнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган жуда аянчли ҳол эди.Чунки ўша пайтлар деярли барча амалий тадбирлар, идора ҳужжатлари асосан рус тилида бажариларди. Рус миллатига мансуб бўлган раҳбарлар эса миллий тилга унча аҳамият бермасди. Шунинг таъсири бўлса керак юртдошларимиз нутқини эшитар эканмиз улар гапларининг орасида “хватит”, “обязательно”, “хорошо”, “возможно”, “допустим”, “предположим”, “понял”, “усёк” ва шунга ўхшаш жуда кўп сўзларни ишлатишади. Эҳтимол бу тарки одатдир, аммо, улар бу қўшилган сўзлари билан ўз она тилларини ўзлари билмаган ҳолда камситишмаяптимиканлар?
Ниҳоят Республика аҳолисининг талаблари асосида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақидаги қонуни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган. Шу даврдан бошлаб ҳар йили бу кунни биз тил байрами сифатида нишонлаймиз. Мустақиллик шарофати билан ўзбек тили – давлат тилига эътибор кучайди. Она тилимизнинг ижтимоий мавқеи кенгайди. Давр тақозоси билан “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга ҳам айрим ўзгартиришлар киритилди ва 1995 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни эълон қилинди. Бу қонун 24 моддадан иборат бўлиб, унинг 1- моддасида асосий қонунимиз бўлган Конституциямизнинг 4- моддасида таъкидланганидек: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб ёзиб қўйилган.
Давлат тилини ўрганиш, унга амал қилиш табиий эҳтиёж ва заруратга, ҳатто, англанган мажбуриятга айланиб бормоқда. Ўзбек тилида тўғри, ифодали сўзлаш ва ёзиш, она тилимизнинг софлиги ва бойлиги тўғрисида тинмай ғамхўрлик қилиш, унинг истеъмол доирасини кенгайтириб бориш давлатимиз фуқароларининг бурчи ҳисобланади.
Юқорида айтганимиздек 1989 йил 21 октябрдан бошлаб биз бу кунни тил байрами сифатида байрам қиламиз. Аммо, давлатимиз раҳбари бу байрам билан республика халқини сал илгарироқ табриклади десак муболаға бўлмайди, чунки 2020 йил 23 сентябрь куни мамлакатимиз раҳбари БМТ нинг 75 ассамблеясида бутун жаҳон ҳамжамияти олдида ўзининг нутқини ўзбек тилида равон баён этиб нафақат ўзбекзабон халқларини балки бутун туркий тилда сўзлашувчи халқларнинг дилида зўр ифтихор ҳиссини уйғотди. Шу давргача бу юқори минбарда фақат 6 та буюк давлат тилида, яъни инглиз,араб, испан, хитой, рус ва француз тилларидада нутқ сўзланар эди. Ўз-ўзидан маълумки, бу чиқиш Ўзбекистон давлатини ҳам буюк давлатлар қаторида ўз ўрни борлигини намойиш этди. Бутун жаҳон ҳамжамияти аъзолари Ўзбекистон Президентининг нутқини диққат билан тинглашди ва унинг маърузасидаги барча глобал муаммоларни бир овоздан маъқуллашди.
Биз шу юрт фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз ва доимо қадринг баланд бўлсин она тилим деб баралла айтамиз.
Малоҳат АЗИМОВА,
тумандаги 3- умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти ўқитувчиси