Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 8 майдаги қўшма қарорига асосан туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида туман ИИБнинг профилактик ҳисобида турган ҳамда соғлиқни сақлаш идоралари ҳисобида турган шахслар билан тегишли профилактик ишларни амалга ошириб, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган, меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахслар учун захираланган иш ўринларига ҳақ эвазига ишга жойлаштириш, жамоат ва мавсумий ишларга жалб этиш каби вазифалар амалга оширилди.
“Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” юқори савияда ўтказилди. Ёшлар ишлари агентлиги Қумқўрғон туман филиали раҳбари А. Холтўраев, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори О. Чориев сайёр тарздаги меҳнат ярмаркасида маърузалар қилдилар. Иш билан таъминланмаган профилактик ҳисобда турувчи шахсларни бўш иш ўринларига эга иш берувчилар билан учраштирди. Ҳисобда турган шахсларга фаол ижтимоий-сиёсий фикрлаш, ижтимоий, ахлоқий қадриятларни ривожлантириш, меҳнат қилиш кўникмаларини сингдириш ҳақидаги зарур жиҳатларни тушунтирди. Тарғибот ишлари назарда тутилган меҳнат ярмаркасида 128 нафар ишсиз қатнашди. Иш сўраб мурожаат қилган бу инсонларнинг 51 нафари аёл, 63 нафари ёшлар эканлиги қайд этилди. Жами иштирокчи фуқаролардан 18 нафарининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 6 нафари аёл ва 5 нафари ёшлар бўлиб тумандаги мавжуд корхоналарга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Шунингдек, 110 нафар фуқарога меҳнат фаолиятига оид маслаҳатлар берилди. Жойлардаги турғун пункт инспекторларига беш кун муддат ичида йўлланма берилган фуқароларнинг ишга жойлашганлиги натижаси тўғрисида маълумотларини туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига тақдим этиш вазифаси юклатилди.
Ғ. Ашуров,
туман ИИБ бошлиғининг ХПБ ўринбосари, подполковник