15 Октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни

Қумқўрғондаги “Хуррият” маҳалласи “Обод маҳалла” дастури асосида ободонлаштирилди. Электр симлари ўрнатилган устунлар янгисига алмаштирилди. Кўчалар асфальтланди. Йўл четида пиёдалар қатнови учун бетон йўлаклар қурилди. Бунёдкорлик ишлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширди. Одамлар янги қулайликлардан мамнун ҳолда фойдаланмоқда.
“Хуррият” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Гўзал Ўринова билан биргаликда хонадонларда бўлдик. Ёш, чаққон, ҳали чарчаш нималигини билмайдиган маҳалла фаоли турли кўриниш ва шароитларга эга уйлардаги аёллар меҳнати билан таништирди.
-Маҳалламиздаги аёлларнинг бари касб-ҳунарли, мутахассисликлари бўйича иш билан банд, – деди хотин-қизлар фаоли.
Хонадонларда турмуш кечираётган мунис ва меҳрибон уй бекаларининг кундалик юмушлари ва тадбиркорлиги ҳақида билдик. Қишлоқ аёлларига осон эмас. Улар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, қийин шароитларда турмушнинг оғир юкини кичик елкаларида кўтариб меҳнат қилмоқда. Оилада тушунган эр бўлса-ю аёлининг саломатлигини ўйлаб яхши шароитлар яратса хўп-хўп. Бироқ иқтисодий жиҳатдан яхши таъминламаётган, боз устига иш ўрнига эга бўлмаган одам оила бошлиғи бўлса, аёлига ҳам қийин бўлади. Аёл оқила бўлиб оилам, эрим, бола-чақам деб тушуниб меҳнат қилса хонадонига қут-барака, хурсандчилик киради. Шу каби ўй-хаёллар билан қишлоқдаги аёлларнинг аҳволини ўргандик.
Маҳалладаги Саид Аҳмад кўчаси 107-уйда ўзига тўқ оила соҳиблари яшаётганлиги кўзга ташланди. Уй-жой, ҳовли саранжом-саришта. Ишкомда узумлар пишибди. Теварак-атрофга гуллар экилган, яшаш ва дам олиш учун шароитлар тайёрланибди. Уй бекаси Зарнигор Ҳусанова қайнонаси маслаҳатларига амал қилиб, овсинлари билан аҳил уй-рўзғор ишларини бажараяпти. Огоҳий кўчасидаги 88-уйда Феруза Очилова ва Зиёда Омонова куз неъмати, шифобахш бодом мевасига ишлов бераяпти. Хонадонига қут-барака кирсин деб фойдали меҳнат билан банд. Сигир азалдан етти хазинанинг бири. Уйида сигир боққан инсоннинг рўзғорида сут, қатиқ, қаймоқ, қатиқли ва гуручли оши бўлади. Мазали таомлар ҳар доим инсонга тўқлик, соғлиқ бағишлайди. Уй бекаси Ўғилой Раҳмонова ҳар кунлик юмуши сигирни боқиш ва сут соғиш ишидан завқланиб яшаяпти.
Мамлакатимизда аҳоли томорқа ерларидан унумли фойдаланиб, маҳсулотлар етиштириш, ўзини ўзи банд қилиб, даромад топишга рухсат берилган. Буни тўғри англаган уй бекаси Муқаддас Фармонқулова хонадонидаги 3 сотих ерда гуллар етиштираяпти. Унинг томорқасига келган одам турли рангда очилган, барглари ям-яшил гулларни кўриб ҳаваси ошади. Уй бекаси иссиқхонада ва усти очиқ ерда атиргул, палма, геран, хризонтема, япон ўриги, бручино ва бошқа турдаги гулларни парваришлаяпти. Даромад топиб, рўзғорини тебратаяпти. Бу уй бекасидан ўрнак олиб гул етиштирувчи аёллар кўпчилик бўлса маҳалла гуллар чиройи ва ифорига тўлади.
Чеварлик аёлларга хос. Моҳир қўлли она миллий анъаналаримизни давом эттириб, тикувчилик ҳунари билан гўзаллик ва фаровонлик яратаяпти. Огоҳий кўчасининг 93-уйида яшаётган Гулчеҳра Қурбонназарова ёшлигидан тикувчиликка қизиқди. Меҳри товланиб, чеварлик касбини қунт билан ўрганди. Кўрпа бичиш, тикиш, қовиш усулларини пухта билиб, хонадоннинг кўркам ва файзли бўлишига эришмоқда. Маҳалладошлари орасида чевар номи билан машҳур бўлди. Фурқат кўчаси 12-уй бекаси Ражабой Ўринова ҳаёт тажрибаларини тинимсиз оширди. 10 йил “Хуррият” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар масаласи бўйича фаоллик кўрсатди. Пенсияга чиққан бўлса-да элнинг хурсандчилиги, фаровонлиги учун елиб-югираяпти. Рўзғор ишларида ҳам чаққон. Оиланинг маъмурчилиги, тўқлиги учун ўчоқда олов билан юзма-юз келиб ширин, мазали таомлар пишираяпти.
Огоҳий кўчаси 83-уйга борганимизда миллий либоси ўзига ярашган, яқинда тўйи бўлган келинчакнинг “келин саломи”ни кўриб қувондик. “Соғ бўлинг, ували-жували бўлинг, бахтли бўлинг” дея тилак билдирдик. 27-мактаб ўқитувчиси Шаҳло Шаймардонова ҳовлида кир ювиш машина бўлса-да тоғораларда қўл кучи билан кийимларни юваётганлигини кўрдик.
Қишлоқ аёллари ўзига хос ижобий жиҳатлари билан ажралиб туради. Улар оиласининг бахт-у иқболи учун тинимсиз меҳнат қилмоқдалар. Самимий каломи, ширин табассуми барчага яхши кайфият бағишлаяпти. Фарзандлари, турмуш ўртоғининг фаровон ҳаётини таъминлаяпти.
Н. МУҲАММАДИЕВ