Оппоқ тонг отди. Субҳидам чоғи Маҳкам мома шу оилада умидвор бўлган мўмин ва мўминалар руҳига дуо қилди. Айниқса қайнотаси Давлат бобо, қайнонаси Қирмиз мома ва умр йўлдоши Қўйли акани кўп ёд олди.
Аввало, оила устунлари ҳақида тўхталсак. Давлат бобо кампири Қирмиз мома билан Заркамар қишлоғида (ҳозирги Жанубий Сурхон сув омбори жойлашган ерда), сўнг Янгиер маҳалласида яшаган. Аллоҳ уларнинг илтижоларини эшитди чоғи ўғил ва қиз фарзандлар берди. Ўғлига ўзидан униб-ўссин деган ниятда Қўйли исмини қўйишди, унинг изидан туғилган синглисига Момо ҳаводек серфарзанд бўлсин деб Ҳавохон исмини беришди. Бўйи-басти келишган Қўйли ўрта мактабда яхши ўқиди. Мактабни тугатиб, ўқишни давом эттириш орзусида Тошкентга йўл олди. 1950-1960 йиллари Заркамардан пойтахтга бориб ўқийдиганлар кам эди. Қўйли ўқишга кириб, шодланди. Қашқадарёнинг “Қорақушчи” қишлоғидан келиб талаба бўлган Маҳкам Омонова билан танишди. Улар 1960 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агропедфак факультетида бирга ўқишди. Танишув оташ муҳаббатга айланди. Ёшлар турмуш қуришга аҳди паймон қилишди. Талабалик йиллари ҳам ортда қолди. Ота-оналар тўйга рози, Маҳкам опа Заркамарнинг сулув келинларидан бири бўлди.
1963 йили Маҳкам опа педагоглик фаолиятини туманимиздаги С. Айний номли мактаб филиалида бошлади. Ўша пайтда Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Рўзиев Мамат мактаб директори эди. Қулбоев Ҳайдар ва Бердиев Содиқлар ёш муаллиманинг устози бўлган. Шоир айтганидек йиллар карвони тизилиб ўтди. Маҳкам опа кейинчалик бошланғич синф ихтисоси бўйича сиртдан ўқиди. Кексалар ибораси билан айтганда қаҳрамонларимиз бир этак фарзандли бўлишди. Тўрт нафар ўғил, олти нафар қизни оқ ювиб, оқ тарашди. Оиланинг тўнғич фарзанди Ўрозова Замира Тошкент тиббиёт билим юртида ўқиб ҳамшира бўлди. Алламурод олий маълумотли муҳандис, ҳозир “Гулистон” маҳалласи раиси. Тўлқин ҳам олийгоҳда ўқиб муҳандис мутахассиси бўлиб, туман “Тоза ҳудуд” ДУК раҳбари. Моҳира тадбиркор, Шоира ҳамшира, Фарҳод механик, Нодир иқтисодчи, Фарида ҳам иқтисодчи, “Янгиер” маҳалласи хотин-қизлар фаоли. Оиланинг кенжа фарзанди Бекмурод Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институтида режиссёрлик мутахассислиги бўйича сиртдан таҳсил олмоқда.
Келинлари ҳам вақтида ўқиб, юрт корига яраб келмоқда. Рўзиева Бибигул мактабда бошланғич синф ўқитувчиси, Хидирова Зулхумор Термиз Давлат Университети филология факультетида ўқиган. Айни пайтда вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаяпти. Бозорова Муқаддас ҳамшира, кенжа келин Хўжақулова Гавҳар 7-мактабда ёшларга инглиз тилидан дарс ўтаяпти. Неваралар ҳам шу оилага муносиб камолга етмоқда. Маданият ва санъатга ташна ёшлардан. Дилноза, Олимжон, Умида, Моҳинур, Дилафруз, Анвар, Илҳом, Зебинисо, Ботир, Собир ўқишни тугатиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда фаол қатнашмоқда.
Шогирдларидан сўз очсак, кўпчиликни ташкил этади. Қобилов Бойбўри педагог, Қосимова Феруза гинеколог-врач, Қодиров Чорихон ҳуқуқшунос, Худойшукуров Эшбўри тадбиркор, Ашуров Ғайрат вилоят ИИБ ходими,Тоғаев Илёс тадбиркор, Бозорова Мунаввара ҳамшира, Давлатов Рустам журналист. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Шуни айтмоқ ўринлики, Маҳкам мома ҳали-ҳануз китоб ўқишдан чарчамайди, аксинча завқланади. Эл ардоғидаги шоирлар Абдулла Орипов, Зулфия, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Омон Матжон, Турсуной Содиқова, Муҳаммад Юсуфларнинг асарларини қайта-қайта мутолаа қилади. Ҳазрат Имом ал-Бухорий ўз замонасида “Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмағай ҳам” деганлар. Кекса ўқитувчининг айтишича, “Илмли одамнинг фикри теран бўлади. У ёлғон гапиришдан ҳазар қилади. Тўғри мулоҳаза юритиб, ҳаёти доимо изланишда кечади, энг асосийси ҳаётда ўз ўрнини топади”. Маҳкам моманинг мартабаси улуғ. У зот эл-улус фарзандлари қалбига маърифат нурини олиб кириш баробарида ўз бағрида кўплаб ўғил-қизларини камолга етказди. “Қаҳрамон она” унвонига эга бўлди. Юрт сўраб турган фозил шогирдларнинг суюкли устозига айланди.
Мома ой чиқар паллани яхши ниятлар билан кутади. Унинг келажакка интиқлик билан “дарё каби бедор ўтган” умри – ибрат мактабидир! Маҳкам мома бугун 83 ёшни қаршилаб, 1000 ойлик қадрли онларни кўриб-кечирмоқда. Онахонни ушбу қутлуғ сана билан қутлаш ниятида фарзандлари, невара-чеваралари, қариндош-у меҳмонлар ҳовлида жам бўлишди. Ҳаётнинг барча синовларига бардош бериб шу кунларга етган қаҳрамонимизга барча, жумладан камина ҳам ҳавасда. Устознинг ҳали ҳам нур ёғилиб турган юзига боқиб беихтиёр ушбу шеърни ўқигим келди.
Ота-онанг давлатингдир, унутма,
Юрганингда савлатингдир, унутма,
Белингдаги қувватингдир, унутма,
Сен уларнинг дуоларин ол, фарзанд!
Жаннат боғи эшигидир, бу зотлар,
Мангуликнинг қўшиғидир, бу зотлар,
Эзгу ният бешигидир, бу зотлар,
Сен уларнинг дуоларин ол, фарзанд!
Ёмонликни бизга раво кўрмагай,
Хафа қилмак кечиргайлар, кўрмагай,
Ўпиб асло меҳримизга тўймагай,
Сен уларнинг дуоларин ол, фарзанд!
Қайда бўлсак талпинамиз она деб,
Унинг пойин доим жаннат, хона деб,
Гулдасталар тутай яна мана деб,
Сен уларнинг дуоларин ол, фарзанд!
Ўрол АБРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси