Эшқобил Шукур ҳақида

Эшқобилнинг порлоқ ижодий эртасига комил ишончим бор.
Асқад Мухтор
Ўзбекистон халі ёзувчиси (1990 йил)

***
Эшқобилнинг шеърлари Олтин бешикнинг қўнғироғига ўхшайди. Одамни бирдан ўзига жалб этади. Унинг “Камбағалнинг шодлиги” деган бир шеъри бор. Ниҳоятда ўзбекона шеър. Лекин бошқаларда учрамайдиган шеър. Унинг шеърларида доимо баландлик бор. Мен Эшқобилнинг бир шеърини жуда яхши кўриб ўқиб юраман. Бу шеър шундай:
Бир парча нон бўлмас балки сўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.
Бир қултум сув бўлмас балки кўзимиз,
Валекин ошиқмиз, ошиқмиз.
Хаёл ва ҳижрондир нону тузимиз
Воҳ, бул кун ошиқмиз, ошиқмиз.
Нетонг кўнгил бўлди ризқу рўзимиз
Эртан ҳам ошиқмиз, ошиқмиз,
Йўқ бўлиб кетсак-да, тамом ўзимиз,
Сўнг яна ошиқмиз, ошиқмиз.
Бу эҳтимол Нажмиддин Кубронинг давомидир. Донишманд айтади-ку, биз бошловчи эмас, давомчилармиз деб. Бу тасаввуру тафаккурнинг ва донишмандликнинг давомидир.
Ҳалима Худойбердиева,
Ўзбекистон халқ шоири (2003 йил)

***
Иқтидорли шоиримиз Эшқобил Шукур шеъриятини кўп йиллардан буён ўқиб, кузатиб келаман. Ҳар қандай ясамаликдан, ҳар қандай фикрбозликдан, ҳар қандай сохта оҳанглардан холи бўлган бу шеъриятда дилкашликни, самимиятни, меҳрни, куйинчакликни, теранликни, гўзалликни учратасиз.
Абдулла Орипов,
Ўзбекистон халқ шоири (2013 йил)
***
Эшқобил Шукурдаги интилишнинг софлиги ва мустақиллиги менга ёқди. Бу интилишнинг собитлиги ва давомийлиги кўп жиҳатдан Эшқобил Шукурнинг меҳнатига боғлиқ. Ахир, «Ҳар бир ижодкор интилган нарсасига эришади», демишлар-ку қадимги ҳинд файласуфлари.
Шавкат Раҳмон
1986 йил

***
Эшқобил Шукур ўзбек шеъриятида ўз ўрнига, бошқа ҳеч бир шоир билан адаштириб юбормайдиган овозга эга шоир. У фикр ва ҳаяжон шоири. У тажрибалар қилишни яхши кўради. У қоғоз тўлдириш учун эмас, юракларни тўлдириш учун ёзади.
Хуршид Даврон,
Ўзбекистон халқ шоири (2013 йил)

***

Шеър сўзи бўлмайди. Демоқчиманки, сўзлар орасида шеърга мўлжалланган алоҳида сўзлар бўлмайди. Лекин чин шоирнинг қўлига тушса, ҳамма сўз шеър бўлади. Эшқобил жуда халқчил шоир. У бошқаларга ўхшамайди. Мен қидириб кўрдим, кимга ўхшар экан деб, йўқ, ўхшамайди.
Эркин Аъзам,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси. (2003 йил)

***

Эшқобил Шукурнинг “Ҳамал айвони” китобини варақлаб, бир хулосага келдимки, Эшқобил тақлид қилмаган шоир. Унинг “Насойим ул муҳаббатга сайр” туркуми халқимиз учун юксак маърифий руҳдаги асарлардан деб ҳисоблайман.
Мирзо Кенжабек, шоир
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси (2003 йил)