Чимдим ҳайрат, чимдим ҳасрат

Истеъдодсизлар “истеъдоди”
Истеъдодли одамларнинг бирлашиши қийин кечади. Чунки, уларнинг ҳар бири – алоҳида олам. Уларда тортишиш кучи баробарида итариш кучи ҳам пойдор. Истеъдодсизлар эса жуда тез ва осон бирлашадилар. ҳатто бир тишламгина Қийбат атрофида ҳам ғуж-ғуж қуртлардай тўдалашади.
Иштаҳа
Кўп ғам ейдиган одам кўп овқат ея олмайди.
Чўпоннинг шаҳардаги ўғли
Эрталаб ваннада юз қўлимни юваётиб, ногаҳон қўзичоқнинг маъраганини эшитдим. Овоз телевизордан келаётганди. Бирдан тиш чўткаси қўлимдан ерга тушиб кетди.
Жаннати
Райҳоннинг ҳатто ўлиги ҳам.. чириги ҳам хушбўй.
ВАҚТнинг қошида
Кеча Жиззахда менга даҳшатли бир фожиа ҳақида гапириб беришди. Бетон заводида ишлайдиган бир йигит цемент қориштирадиган машинани юваётганда унинг ичига тушиб кетибди. Катта тезликда айланаётган темир парраклар бечорани бурдалаб ташлаган. Сўнг бурдаланган тана бўлакларини йиҚиб олаётганлар йигитнинг бир эн ҳолида узилиб қолган билагига тақилган соатни топишади. Қарангки… соат бир маромда ишлаб турган экан.
Сел ҳаққи
Бу жой – сел йўли… Бир вақтлар шу ерда селга қарши каттагина дамба қурилган эди. Кўп йиллар сел келмади. Селни унутган одамлар дамба тупроҚидан Қишт қуйиб сота бошладилар. Тез орада дамбадан асар ҳам қолмади. Бутун бошли дамба шапалоқдай ғиштларга айланиб ғойиб бўлди. Ўша ғиштлардан шу атрофдаги аҳоли уйлар қурди. Яна бир неча йилдан сўнг кучли сел келди. Сел шу даражада катта эдики, пастда ўша ғиштлардан қурилган уйларни вайрон қилиб, оқизиб кетди.
Биринчи пир
Одамга аввало ўз виждони пир бўлмаса, унга ҳатто авлиё ҳам дастгирлик қила олмайди. Одамнинг биринчи пири – унинг виждонидир.
Қўрқувдан қўрқув
Саҳройи Кабирда илонтумшуқ бир калтакесак яшайди. У кундузи ташқарига чиқолмайди, фақат тунда чиқади. Агар кундузи ташқарига чиқиб, озгина юрса, бирдан қўқувдан юраги ёрилиб ўлади. Бу жонзот ўз соясидан қаттиқ қўрқади. Бу қўрқув уни ўлдиради.
Руҳий хотира
Менимча, ақлий хотира бор ва руҳий хотира бор. Ақлий хотира унутилиши, сўниши мумкин. Лекин руҳий хотира ўчмайди. Жуда эрта ўлган синглим билан боғлиқ хотираларим менга ақлий эмас, руҳий хотира бўлиб туюлади.
Кичик бир тафтиш
“Одамнинг бир коса овқатга қорни тўяди!”, “Яшаш учун бир парча нон ва бир пиёла сув кифоя қилади!” Мен ҳам бу каби гапларни яхши биламан ва гал келганда бировларга айтиб насиҳатгўйлик ҳам қиламан. Лекин ўзим шунга қаноат қиламанми? Шундай сабр ва куч менда борми? Йўқ. Йўқ бўлса, нега бировга ақл ўргатасан? Тил югурик-да, тил югурик! Лекин қаноатли одам кучли бўлишини, қаноатсиз одам ожиз бўлишини ич-ичимдан ҳис этаман.
Заифлик ва даъво
Ҳаким Термизий айтган эканлар: “Инсон нима? Инсон қисқа бир заифлик, узун бир даъводир”. “Инсон нима?” деган саволни кўп эшитганман-у, лекин бундай мукаммал жавобни учратмаганман. Авлиёнинг бутун бани башар ҳақидаги бу гапини ўқиб, ўзимга назар соламан, ўзимни тафтиш қиламан. Шунда қисқа бир заифлигимни сезмайман-у, узун бир даъво эканимни билиб қоламан. Қисқа заифлигимни сезмаслигимнинг ўзи катта заифлик-ку.
Фаҳм
Фаҳмли одам ақлининг қаергача етишини билади. Фаҳмсиз одам ақлини ҳамма жойга етади деб “билади”. Уларнинг фарқи шу.
Бемаъниликнинг бемаънилиги
Мен сўзлар маъноси устида кўп ишлаганман. Агар чиндан жаҳд қилсам, култепага чиқиб улиётган итнинг улишидан ҳам недир маънони топа олишим мумкин. ҳатто эшакнинг ҳанграшидан ҳам! Лекин ҳозирги замон эстрадасининг баъзи қўшиқларидан бемаъниликдан бошқа ҳеч нарсани топа олмайман. Бу дунёда бемаъниликдай одамни бездирадиган бемаънилик йўқ.
Тарбиядаги тадбир (Эшагининг феъли эгасига маълум)
Бир одамнинг биттагина эшаги бор экан. У шу эшакка деб қирқ хил хиначўп қилдирибди. Одамлар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
— Битта эшакка битта хиначўп етади-ку, қирқтасининг нима кераги бор?
У одам шундай жавоб берибди:
— ТўҚри эшагим битта, лекин унинг қилиғи қирқта. Ҳар қилиғига мос биттадан хиначўп керак бўлаяпти.
Чексизликни қизғониш
Худонинг даргоҳи кенг ва чексиз. Ақл бовар қилмайдиган даражада чексиз! Мендан бу даргоҳни қизғонма!
Қалтис ҳазил
Одамзот Худонинг сирлари билан ҳазиллаша бошлади.
Ярим қадам
Янги йил арафасида хизмат сафари билан хориждан қайтдим. Самолётда булутлар устида чой ичдим, ширинликлар едим. Мен дераза ёнида эдим. Борт ортида, мендан чамаси 40 сантиметр нарида -60 даража совуқ эди. Мен ўтирган жойда эса +25 даража иссиқ… Ё тавба! Ажал қаҳратони билан орамиз бор-йўғи икки қарич эди!
Эрк
Эрк ирода билан эркдир. Иродасиз эрк тентакликдан бошқа нарса эмас. Мен Айтматов эркида, Хэмингуэй эркида аввало иродани кўраман.
Худо ва ҳаё
Худога фақат ҳаё билан суяниш мумкин.
Шамол, булут, дарахт ва мен
Йўқ, мен бошқа нарсани излаяпман. Болалигимдан шу кунларгача мен ҳамма нарсада руҳ бор, яъни улар тирик деб ўйлаганман. Ерда ҳам, дарахтда ҳам, бир парча булутда, сувда, шамолда, оловда ҳам ҳаммасида руҳ бор деб ишонганман. Шунинг учун мен улар билан гаплашишни яхши кўрганман. Менинг ҳар нарсадан тириклик излаганим рост.
Оппоқ булутлар устида улкан кемадай сузиб бораётган самолёт деразасидан пастга қараб шулар ҳақида ўйладим. Қанийди, шу дамда ҳаводан ҳам енгил руҳга айлансам-у, оппоқ булут уюмлари устида учиб юрсам. Пастда ястаниб ётган далалар, тоғлар, дарёлар ва қишлоқлар устидан қушлардай учиб ўтсам…
Бироздан сўнг самолёт пастлай бошлади. Бир-икки силкинди. Сийрак оқ булутлар орқада қолди. Энди ҳавони сарғиш ғубор қоплай бошлаган эди. Пастлаб бораётган самолёт деразасидан чанг ва ғуборлар орасида хира тортган Термиз кўринди. Демак, шаҳарда аччиқ афғон шамоли эсмоқда. Бу шамол шаҳар осмонини ғуборлар билан тўлдирган. Амударё қирғоқларидаги малларанг қумларни сарбасар тўзғитиб, осмонга учирарди бу ўжар шамол.
“Салом, Термиз!” дейман беихтиёр. Майли, бир маҳаллар хаёлларимни етаклаган оппоқ булутларда руҳ йўқдир, эҳтимол, шамолда ва ойда ҳам мен истаган бу тириклик нишони йўқдир. Аммо, сенда руҳ бордир, эй кўҳна шаҳар?.. Сен билан гаплашсам бўлар. Мен шаҳарнинг руҳи борлигига ишонгим келади. Йўқса, у шаҳар бўлолмас эди. У мен каби тирик. Қаерда яшириниб ётибди ўша руҳ, ёки қайларда сочилиб ётибди ўша руҳ.
Ассалом, эй авлиёлар шаҳри! Ассалом, Термиз!
***
Яна шамол, ой ва булутлар ҳақида ўйлайман, яна улар билан гаплашгим келади. Шамол, ой ва булут… Улар мутлақ тириклик ичидаги тирик ҳодисалардир. Улар буюк руҳнинг оний манзараларини ҳосил қилувчи тирик ҳаракатлардир.
Образлар ва ҳамроҳлар
Ой, булут, шамол, дала, йўл… Улар доим менинг шеърларимга кириб келаверади. Йўқ, булар шунчаки образлар эмас. Улар менинг бу дунёдаги доимий ҳамроҳларимдир. Шаҳарнинг энг гавжум, энг сершовқин жойида ҳам улар менинг ёнимда эканини ҳис этаман.
Бола ва фаришта
Чақалоқ уйқусида кулса онамиз уни фаришта кулдираяпти дер эди. Гўдаклар балки фаришталарни кўрар. Нима бўлгандаям, болаларда фаришталарга яқинлик бор. Фаришталарни кўришни истаган одам кичик болалар билан гаплашиб кўрсин. Фаришталарга яқин бўлишни истаган одам болаларга яқин бўлсин.
Қон тарихи
Одам бу дунёда ҳаёти давомида ҳеч қачон кўрмаган нарсасини тушида кўриши мумкин. Руҳшуносларнинг айтишича, аслида бу нарсани унинг минг йиллар аввал яшаб ўтган бобоси ўнгида кўрган бўлади. Одам ҳеч қачон, ҳатто ўлдирсалар ҳам қўл урмайдиган гуноҳ ё жиноятни тушида қилиши мумкин. Гап шундаки, бу гуноҳни қачонлардир, унинг қайсидир бир аждоди қилган бўлса ,эҳтимол. Менимча, бу – қон тарихи. Қон адашмайди ҳам, янглишмайди ҳам. ҳозир қилаётган битта ёмон ишингиз учун икки минг йилдан сўнг авлодларингиздан бири тушларида азоб чекади десам ишонаверинг.
Мангу формула
Англашимча, одамлар излаган ҳақиқат ўйлаганимиздек мураккаб ва англаб бўлмайдиган нарса эмас экан. Унга етишиш учун Анқонинг уруғи дардида Кўҳи Қофни излаб юриш шарт эмасдай. У жуда оддий. ҳар ҳолда одамдан кўра содда. Сезишимча, ҳаёт ҳақиқати формуласи – яшаш формуласи қўшиш ва айиришдан ҳам содда. Бу шундай: ҳеч қачон ёмон ният қилма, тўғри ниятнинг ўзи ҳақиқатдир. Назаримда Худо ҳам ҳаётнинг ўзида шундай формулани ҳаракатга келтириб қўйгандай, яъни, нияти бузилганнинг ҳаёти бузилади.
Чаплин
Ҳаёт тилсимлари баъзан бир киши тимсолида ҳам кўриниш беради. Масалан, Чарли Чаплин зулмат ва фожиалар устида ҳаётнинг ёрқин табассумидай намоён бўлган эди.
Менталитет
Мен танийдиган кимдир вафот этган бўлса, уч кун ичида унинг фотиҳасига боришим керак. Бормасам, марҳум ҳар қадамда гўё “Нега келмаяпсиз?” дегандай қаршимдан чиқиб келаверади. ҳар қадамда!
Қўшиш ва айириш
Ўзингда йўқ нарсани бор қилиб кўрсатиш, ўзингда бор нарсани йўқотиш билан баробар.
Мия эшиклари
Баъзан мия эшикларини ёпиб қўйишга тўғри келади. Аслида бу эшиклар димо очиқ. Ёпиб қўйишнинг иложи бўлмаса, қоровулларни кучайтириш керак. Дуч келган кимса, дуч келган Қийбату миш-мишлар бостириб кириб келавермасин. Эзгу ишлар қолиб кетиб, шулар билан андармон бўлиб қоласиз. Улар жуда кўп нарсадан чалғитади. Миянгизнинг ҳикмат ўтириши мумкин бўлган бурчагида ғийбат ўтирса, Бухорийми, Навоийми ўтириши керак бўлган жойида бир ғаламис ўтириб қолса, бундан ёмони йўқ-ку. Уларни бу уйга киритманг! Чивин ва пашшаларни ҳайдагандай уриб қайтараверинг.
Ўтин ичидаги атиргул
Одамнинг ботинидаги ўтни унинг кўзи чақнаганда кўрса бўлади. Юрагида ўти бор, деган гап бор-ку. ҳатто қуриган ўтин ҳам ёнаётганда жозибали ва мафтункор бўлади. Айниқса, ўчоқ тўла ўтин қип-қизил чўққа айланиб, оташ сочаётганда энди очилган қирмизи атиргуллардан ҳам чиройли бўлиб кетади.
Ҳар кимнинг ичида шундай ўт бор. Фақат уни кимдир алангалатса, кимдир ўчириб қўяди.
Манба: “Тафаккур” журнали 2-сон 2019 йил
Райҳон Менгзияева тайёрлади