АЖДОДЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ – МАНГУ БАРҲАЁТ

Ер юзида шундай бир гулзор борки, бу гулзордан эсган шабада бутун оламни баҳтиёр этади. Ундаги гулларнинг таровати эса инсоният тараққиёти болаларнинг бахти, оналарнинг саодати учун замин яратади.

Бу ажиб чаманнинг номи – тинчликдир. Бу гўзал боғни барпо этиш учун не-не зотлар умри ва ширин жонларини қурбон қилишган, машаққатлар чекишган. Тинчлик гулзорининг бунёди боболаримизнинг чеккан заҳматлари, момоларимимзнинг узоқ йиллик дуои-фотиҳалари эвазигадир. Одамзод бахт-саодати учун хизмат қилган бу каби зотларнинг номлари эса абадиятга муҳрлангусидир. Зеро, Ватан учун қурбон бўлганларнинг ёди муқаддас бу йўлда курашганларнинг қадри эса улуғ ва буюкдир.

Элу-юрт тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша қалбимиз ардоғидадур. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш ва ғамҳорлик қўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Том маънода айта оламиз уруш қатнашчилари мардлик ва жасорат наъмунасини кўрсатган ҳақиқий юрт фидоийларидир. Бу дунёда хотирадан гўзалроқ ва қадрдан улуғроқ туйғу йўқ. Бу тушунчалар азал-азалдан элу-юртимизнинг тафаккурига сингиб, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолган. Мамлакатимизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида ҳар йили кенг нишонлаб келинаётганлиги ҳам инсон қалбидаги буюк ҳислатдан бўлган хотира туйғусига эҳтиромнинг ёрқин наъмунасидир. Ушбу кун юрт осудалигининг ҳаётимизда бебаҳо ўрни, бугунги ўрни осойишта ҳаёт учун заҳмат кечкан аждодларимизнинг машаққати ёдга олиниши, уларга ҳурмат ва эъзоз кўрсатилиши билан ўта аҳамиятлидир. Ўтганларни хотирлаш уларнинг руҳини шод этиш, ҳалқимиз учун асрлар давомида эзгу анъана, эзгу одатга айланиб қолган. Хотира ва қадрлаш бу нафақат ширин жонини Ватан муҳофазаси йўлида қурбон қилганлар хотирасини ёд этиш, балки бугун орамизда ҳаёт бўлган ана шундай мақсад йўлида мардларча курашган яқинларимизни эъзозлашдир. Уларни ҳар вақт ғанимат билиб ўғитлари тажрибаларига қулоқ тутишимиз, келажак ҳаётимизда даструл амал бўлиб хизмат қилади. Давлатимиз томонидан Ватан озодли йўлида жон фидо қилган инсонларнинг хотирасини улуғлаш, уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича чуқур ўйланган ижтимоий-сиёсий сиёсат юритмоқда.

Шунингдек, ҳар йили 9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23 октябр 2019 йилдаги ПҚ-4495-сонли Қарорлари қабул қилинди. Мазкур қарорда “Аждодларимиз жасорати – мангу барҳаёт” деган ғоя асосида Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг қаҳрамонликлари, ўзбек халқининг фронт орти ва ғалабага қўшган фидокорона меҳнати, фронт ҳудудларидан республикамизга кўчириб келтирилган юз минглаб инсонларга нисбатан кўрсатган юксак инсонпарварлик фазилатларини чуқур акс эттириш мақсадида маданий-маънавий тадбирлар, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақалари, “уч авлод вакиллари учрашувлари”ни, янги бадиий ва ҳужжатли филм ва асарларни яратиш, Тошкент шаҳрида Ғалаба боғининг концепцияси ҳамда вилоятлар марказларида ёш авлодни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Иккинчи жаҳон уруши даврига оид ҳарбий техника, тарихий экспонатлар, инсталляцияларни ўз ичига олган замонавий “Ватанпарварлар” боғларини барпо яратиш Қарорда белгилаб берилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсон бор экан, хотира – муқаддас. Халқимиз бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан фориғ қилмайди.  Хотира ва қадрлаш кунини муносиб нишонлашдан кўзлаган бош мақсадимиз – Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш, урушни қоралаш, тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизнинг шукронасини қилишдан иборат. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди.

Шохрухмирза Мамадиев

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Сурхондарё вилояти

Қумқўрғон туман бўлинмаси раҳбари