Бобур асарларининг ўзбек адабий тили тарихидаги ўрни

Темурийлар наслидан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, улуғ ватандошимиз серқирра ижодкор бўлган. Унинг йирик асари “Бобурнома”нинг 20 дан ортиқ соҳани қамраб олгани бунинг ёрқин далилидир. Бобур – санъатшунос, тилшунос, адабиётшунос, таржимашунос, этнограф, фиқҳ, ҳайвонот ва ноботот илмининг йирик билимдонидир. “Осиёдаги подшоҳлар ичида Бобурга тенг келадиган бирорта ҳам подшоҳ тополмаймиз” деган эди “Бобурнома”ни инглиз тилига таржима қилган У. Эрскин.
Бобурнинг “Бобурнома”, “Рисолаи аруз”, “Мусиқа илми” сингари асарлари тил тарихида, хусусан туркий тиллар тарихида муҳим аҳамият касб этади. Ижодкор асарларининг энг муҳим жиҳатларидан бири содда тилда ёзилганлигидир. Бу эса бугунги кун ўқувчиларини асар билан таништиришда қийинчиликлар туғдирмайди. “Бобурнома” ҳинд диёрида эски ўзбек тилида ёзилган. Асарнинг тил хусусиятлари ҳақида тўхталамиз. Зидлов боғловчилари ўрнида “вале”, “дағи”, “воя” сўзлари ишлатилган. Кўрсатиш олмошининг “ул”, “ани”, “анинг”, “анга”, “андин”, “манга”, “менга” шакллари қўлланилган. Ҳозирги ўзбек тилидаги сўроқ олмошларидан ташқари “бе”, “нечук” олмошлари мавжуддир. “Бобурнома”да қўшма гаплар ҳам содда гапларга ўхшаш шаклида бўлиб, осонлик билан таркибий компанентларга ажралади: “Ту анда эткунча, менинг била секиз киши калиб эди”. Асар тилининг турланиш категорияси ўзига хос хусусиятлар билан ажралиб туради. Унинг чиқиш келишигидаги –дин аффекси билан ясалади. Абстракт эгалик маъносини билдирувчи ники- қўшимчасининг вазифаларини қаратқич келишиги қўшимчаси -нинг бажаради. Нисбий сифат ва абстракт отлар ясаш учун лиғ, -лик қўшимчаси ишлатилган. Айирув ва улаш сонлар -р (эр) билан, чама сонлар эса синтактик йўл билан ясалган. Муаллиф асарнинг ихчам, содда, тушунарли бўлиши учун фольклордан ҳам фойдаланди. Халқ орасида кўп қўлланган мақоллар ва ҳикматли сўзлардан намуналар келтирди.
Бобур асарларининг салмоғи кенг, ўрганилмаган қирралари кўп. Бу қирраларни очишда ҳали кўплаб илмий ишлар, мақолалар ёзилади. Унинг асарларида, авваламбор, Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, опа-сингилларга мурувват уфуриб туради. Унинг биргина ”Бобурнома” асари бутун дунёга машҳур бўлди, жуда кўплаб тилларга таржима қилинди. Ғазаллари, рубоийлари содда тили, тушунарлилиги билан ҳамон қалблардан жой олиб келмоқда. Бобур асарларининг барчасидан ёш авлод бирдек баҳраманд бўлиши, авваламбор, мактаб дарсликларида асарларининг қисқача, тушунарли тилдаги намуналари келтирилса мақсадга мувофиқ бўлади.
Зуҳра ҲАМДАМОВА,
Термиз давлат университети Филология ва тилларни ўқитиш факультети ўзбек тили таълим йўналиши 3-босқич талабаси, амалиётчи