Энг содиқ дўст қандай бўлади?

Бу дунёда яшар эканмиз, ҳаётимиз давомида кўп бора дўстга муҳтож бўламиз. Бирон муваффақиятга эришсак қувончимизни бўлишадиган, тушкун ҳолатда бўлсак дардлашадиган инсон қидириб қоламиз. Балки кўпчилигимизда шундай дўстлар ҳам бордир. Aммо, дўст хиёнатига учраган, фикри бир жойдан чиқмасдан тортишиб қолган инсонлар ҳам бор орамизда. Бир-бирини тушунмасдан, яна ҳақиқий дўст йўқ бу дунёда деб оламга жар солишга тайёр инсонларга умрингизда китоб ўқиганмисиз дегим келади.
Ҳамма хато қилади, ҳеч ким мукаммал эмас, аммо ўзингизга содиқ ва мукаммал, ҳар қандай вақтда ҳар қандай ҳолатда ҳам сизни қўллаб-қувватлайдиган дўст қидирсангиз уни кутубхонадан топасиз. Китоб ўқир экансиз қилган хатоларингиздан хулоса чиқарасиз, қаҳрамонингизнинг ҳислатларини ўзингизга олишга ҳаракат қиласиз. Менимча ундан содиқ, ундан билимли ва доим эзгуликка бошлайдиган мураббий бўлмаса керак. Китоб Aмир Темурнинг таъбири билан айтганда: “Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.
ХХI аср-ахборот технологиялари асри. Замон шу даражада ривожланиб кетдики, ҳар бир хонадонда замонавий гаджетлар, энг сўнгги русумдаги мобиль телефонлар, хуллас, барча барчаси бор. Виртуал олам инсонни ўзига магнит сингари тортиб боради. У билан қандай қилиб кўп вақтимизни сарфлаганимизни билмай ҳам қоламиз. Энг қимматли вақтимизни интернетда ўйинлар, маъно мазмунсиз фильмлар, ижтимоий тармоқларда орттирган дўстларимиз билан суҳбатлар орқали йўқотиб бораётганимиз афсуски аччиқ ҳақиқат. Ҳар бир нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, интернетдан ҳам зарур вақтларда яхши томонларидан фойдалансак, ундан қулай нарса йўқ.
Aвтобусда, метрода, соя-салқин хиёбонларда китоб ўқиб ўтирган тенгдошларимизни кўриб кўзим қувнайди. Маънавий озуқа олишга ташна инсонни кўриб ким ҳам қувонмайди дейсиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 12 январъ куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташаббуси билан «китоб ўқиган «Спарк» минади» шиори остида энг яхши китобхонларга Президент совғаси «Спарк» автомашинаси тақдим этилди. Гап моддий рағбатда ҳам эмас. Юздан ошиқ китоб ўқиган инсонларнинг меҳнатининг меваси ҳисобланади бу.
Университетимизда «Дўстимга китоб совға қиламан» номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Курсдошларимдан совғага китоб олган вақтимдаги қувончни ҳеч қандай сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу каби тадбирлар янада кўпайса китобхонлар учун нур устига аъло нур бўларди. Йилдан йилга янги китоблар чоп этилмоқда, жавонларда китоблар сонининг ошиб бориши жуда яхши ҳолат. Шунга яраша китобхонлар сони ҳам кўпайиши зарур. Хуллас энг яхши дўст ҳам, энг яхши совға ҳам, энг яхши мураббий ҳам – бу КИТОБдир.

Мухлиса Aлиярова,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси, амалиётчи