«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиали томонидан суюлтирилган газ таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлар

Вилоятимизда жами 462 310 та суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, шундан 462 178 таси аҳоли истеъмолчилари, қолган 132 таси ижтимоий соҳа объектлари ҳисобланади. Вилоят бўйича жами маиший газ баллонлар сони 552890 донани ташкил этиб аҳолининг таъминланганлик даражаси 120 фоизга тенг.
Ўтган йиллар давомида, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳолини ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида бир қатор муаммолар кузатилган.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Hududgazta’minot» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, жойларда суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида авваллари аҳолидан маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, орадан 1-2 кун ўтгач (баъзан бир ҳафтагача), тўлдирилиб олиб келинган бўлса, «Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиалига қарашли автотранспорт воситалари қўшимча айланма маиший газ баллони билан таъминланди ва эндиликда тасдиқланган жадвал бўйича газ баллонлари йиғиб олинади ва шу заҳотиёқ газ тўлдирилган бошқа газ баллон берилиб келинмоқда. Бу орқали истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб беришда муддат 50 кундан 40-35 кунгача қисқарибгина қолмай, иқтисодий жиҳатдан автоуловларнинг кунлик босиб ўтадиган масофаси ва ёқилғи сарфи 1,5-2 баробарга қисқарди.
Шунингдек, авваллари хусусий газ тўлдириш шахобчалари хизматидан фойдаланиб келинаётган бўлса, 2019 йилда Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан вилоятнинг Денов ва Қумқўрғон туманларида жойлашган суюлтирилган газни сақлаш қуввати 1660,0 м3 ҳажмли яъни бир вақтнинг ўзида 810,0 тонна суюлтирилган газни сақлаш имконияти мавжуд бўлган газ тўлдириш станциялари устав баланси ошириш ҳисобига “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиали балансига ўтказиб берилди. Ушбу газ тўлдириш иншоотларининг ойлик суюлтирилган газни тарқатиш қуввати 2850,0 тоннага тенг бўлиб, вилоятнинг Денов, Олтинсой, Қумқўрғон ва Шўрчи туманларида яшовчи жами 168133 та хонадонларга суюлтирилган углеводород гази етказиб берилмоқда.
Шунингдек, илгари аҳоли маиший газ баллонларни хусусий синовдан ўтказиш цехлари орқали навбатдаги техник кўрикдан ўтказиб келган бўлса, бугунги кунда “Hududgaz Surxondaryo” газ таъминоти филиалига қарашли газ тўлдириш иншоотлари қошида синов марказлари қуриб битказилиб, шу ернинг ўзида маиший газ баллонларни жорий синовдан ўтказиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолига анча қулайликлар яратди.
Ўткир Турдиев,
«Hududgaz Surxondaryo» газ таъминоти филиалининг cуюлтирилган газ таъминоти бўйича директор ўринбосари