Тиббиёт ходимлари иш жараёнларида

Инсонлар саломатлиги ҳамма нарсадан устун. Тани-жони соғ одамнинг ишида унум, кайфияти чоғ бўлади. Касал бўлса шифокор мутахассисга учрашиб, текширувдан ўтади. Унинг тавсиясига кўра муолажаларни олиб соғлом бўлади. Туманимизда тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатаяпти. Статистик маълумотларга таяниб фикр-мулоҳаза юритсак. Туман тиббиёт бирлашмаси врач статисти Эркин Пардаевнинг айтишича, бир йилда икки марта 6 ойлик ва йиллик умумий касалликлар бўйича маълумотларни қабул қилаяпти.
Шунга асосан ўтган йили 98897 та касаллик қайд этилди. Бунда 58571 таси бирламчи касаллик ҳисобланади. Шунинг учун нафас олиш тизими касалликлари: ўпка зотилжами, нафас олиш бўйича даволанишга келганлар кўп учради. Жами 21936 та касалга тиббий хизмат кўрсатилди. 9819 та қон айланиш тизими касалликлари: юқори қон босими, юрак ишимик турлари бўйича мурожаатлар бўлди. 19932 та камқонлик, қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари рўйхатга олиниб, шундан 11628 та камқонлик эканлиги маълум  бўлди. 4941 та эндокрин тизими касалликлари: қандли диабет, бўқоқ бўйича даволаш чоралари қўлланди. Ана шу тўртта касаллик бошқа касалликларга нисбатан доимо кўплиги тиббиёт ходимларини ташвишга солмоқда. Қон босими ошиши ва юрак ишимик касалликларидан ўлим ҳолатлари кўп.
   ОНАЛИК БАХТИ ЗАВОЛ КЎРМАСИН
Ўғил ва қиз улғайиб вояга етгач бахтли оила қуриб яшашни орзу қилади. Машҳур ёзувчи Гёте «Оила фарзанд кўришдан бошланади» деб айтган ҳикматли гапи ҳаётда кўп марта исботини топди. Жамиятимизда «Соғлом онадан соғлом бола» туғилиши учун барча шароитлар яратилмоқда. Бунинг туб замирида аввало инсон дунёқарашини ривожлантириш, ўз шахсий гигиенаси ва саломатлигига эътиборли бўлиши, организмнинг соғлом улғайиши назарда тутилган. Тиббиёт муассасаларида «Соғлом она ва бола» учун етарлича шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкилий, амалий ишлар бажарилмоқда. Оилада қиз улғайиб вояга етгач мустақил ҳаёт остонасига эзгу ниятлар билан кузатилади. Ҳамма қувончли дамлар бахтли оилада яшаётган маҳалда узлуксиз давом этишини хоҳлайди.
Жамиятимизда Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига асосан турмушга чиқиш вақти 18 ёш белгиланди. Эрта турмуш қуриш оқибатлари тушунтирилмоқда. Шунга қарамасдан шошма-шошарлик қабилида қизини турмушга узатаётган ота-оналар ҳам борлиги ачинарли. Эрта турмуш қурган қизлар оналик даври қандай кечаяпти деган саволга жавоб топиши учун Туғруқхона комплексида фарзандли бўлган ёш оналар билан суҳбатлашдик. Суҳбатимиз «Умид ниҳоллари» маҳалласида яшовчи, 2002 йилда туғилган Мунира Олимова билан бўлди. У шахсий ҳаётда оналикка тайёргарлик кўриш учун тажрибали оналардан маслаҳатлар олди. Уяли телефондан интернет маълумотларини ўқиди. 2021 йил турмушга чиқди. 2022 йил 12 июнда биринчи фарзанди муддатидан олдин туғилди. Онада оғриқ бўлиб ҳомила 7 ойда ёруғ оламга келди. Ҳозир чақалоқ тиббиёт ходимлари назоратида. Онаси сутини соғиб бераяпти. Бола шприц ёрдамида озиқлантириляпти. Унинг аҳволи яхши бўлгач уйига жавоб беришади.
«Каттакўл» маҳалласида яшовчи Бибинисо Алимордонова 2002 йил 11 июнда туғилган. Аммаси қишлоқ оилавий поликлиникасида акушер – доя лавозимида ишлаётгани учун унинг ёрдамида оналикка тайёргарлик кўрди. ҚОПда акушерлар қизлар билан суҳбатлар ўтказиб, амал қилиши зарур жиҳатларни тушунтирди. Телефон ёрдамида интернетга уланиб «Ёш оналар мактаби» мавзусини ўқиб, ўрганди. 2021 йил август ойида турмушга чиқди. 2022 йил 11 июнда биринчи фарзанди туғилди.
– Керакли мавзуларни ўқиганлигим фарзандимни озиқлантиришимда ёрдам бераяпти. Аввал касал бўлмаганман. Боламни ўзим эмизаяпман. Соғлигим яхши. Бола туғилган пайтида 1 соатда «Витамин К», биринчи суткада «Гипатит В», иккинчи суткада ўпка касаллигига қарши БЕЖ билан эмланди, – деди Б. Алимордонова.
Халқимиз қиз болага нисбатан ўқил болага кўпроқ эътибор қаратишга одатланган. Аслида қиз болага кўп эътибор беришимиз керак. Чунки улар бўлажак она.
      Н. МУҲАММАДИЕВ