МИЛЛИЙ КУРАШ МУСОБАҚАСИ ЎТКАЗИЛДИ

Урф-одатларга кўра, Наврўз байрам сайли миллий кураш мусобақасига уланди. Эл орасида бўлган кураш мусобақаларида катта тажрибалар тўплаган баковуллар полвонларни курашга чорлаб, ўзаро мусобақаларни бошқарди. Ҳалол кураш усулларини қўллаган полвонларнинг натижаларини тўғри баҳолаб, совринларни топширди. Миллий кураш ўйинлари спорт мухлисларини ҳам хурсанд қилди. Туманимизнинг Наврўз байрамига қўшни туманлардан, ҳатто, қўшни вилоятлардан ҳам юртдошларимизнинг қизиқиб келганлиги ўзаро дўстона муносабатлар шаклланганлигини кўрсатди. Вилоятимиз полвонлари билан бирга Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг спортчилари ҳам кураш мусобақаларида қатнашди. Улар орасида Ўзбекистон, Осиё қитъаси ва жаҳон чемпионлари даврага чиқиб курашди, мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. Н. Мирзаев ҳудудидан Ўзбекистон чемпиони Мақсуд полвон, Оққапчиғайдан Рўзимурод  полвон, Сайхондан Ибройим полвон, Жаҳон полвон, Оғабек полвон, Очамойлидан Усан полвон ва бир қатор маҳаллалардан баҳодир йигитлар туманимиз шаъни учун курашди. Аёллар ҳам азалдан миллий курашда кучлиликларни кўрсатиб келмоқда. Анъаналарини давом эттираётган полвонлар Сайёра, Моҳинур, Фарангиз, Саодат, Ойбарчин, Азиза, Юлдуз, Мухлиса, Гулнора ўзаро курашиб, ғолиб чиққанлари совриндор бўлди. Эркаклар ўртасидаги мусобақада Денов туманидан жаҳон чемпиони Шерали Тўраев, Олтинсой туманидан Осиё чемпиони Жаҳонгир полвон, Республика чемпиони Аҳмад полвон, Бойсун туманидан Отабек полвон, Латиф полвон, Шўрчидан Нодир полвон, Зиёдулла полвон, Термиздан Зоир полвон сингари кўп спортчилар миллий кураш либосларида хилма-хил усулларни кўрсатди. Жисмоний чиниқаётган, ўзи билан курашаётган полвоннинг курагини ерга текизганлар ғолиб чиқди. Улар қимматбаҳо совғалар, совринлар билан тақдирланди. Ёш Мақсуд полвон ва Юлдуз полвон баковулларнинг эътиборига тушди. Самарқанд вилоятидан Худоёр полвон курашчининг ори учун Шўрчи туманидан Нуриддин полвонга даъвогар бўлиб келди. Самарқанд полвони жисмоний тайёргарлиги ошганлигини кўрсатди. Бухороча усулдаги кураш узоқ вақт давом этсада кучлар тенглигича қолаверди. Баковул шунда курашчиларни фарғонача усулда беллашишга ўтказди. Худоёр полвон чиройли усулни қўллаб  ғолиб чиқди. Миллий курашда полвоннинг орини ҳимоя қилиш учун ғолибга даъвогар бўлиб чиқиш азалий удум ҳисобланади. Аввалги йилги Наврўз байрамида ғалабалари билан кўпчиликнинг қувонтирган Шўрчи полвони енгилгани учун унинг қариндоши ор учун  курашга чиқди. Самарқанддан келган полвон яна абжирлигини кўрсатиб  енгди.
Катта товоқ соврини учун қўйилган от, ҳўкиз мукофотларига даъвогар полвонларнинг даврага чиқиб курашганини ҳам мухлислар завқ билан томоша қилди. Кучли спортчига нисбатан усулни мукаммал қўллаган тумандошимиз Акбар полвон ғолиб чиқиб, катта соврин ҳўкизни қўлга киритди. Элимизнинг қутлуғ ва улуғвор байрами шодлик, маъмурчилик, мукофотлар улашгани билан аҳоли вакилларининг ёдида қолди.
      Н. МУҲАММАДИЕВ