Миссионерлик ва прозелитизм фаолият шакллари ижтимоий хавфи ва олдини олиш услублари

Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий маъносини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса «вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
Бугунги кунда миссионерлар ўз тарғибот фаолиятларида янги, замонавий усул ва воситалардан, жумладан, замонавий теле, аудио, видео, радио ва компьютер технологияларидан кенг фойдаланмоқдалар.
Уйма-уй юриб «Хушхабар» етказиш, яъни одамлар билан куннинг долзарб муаммолари ҳақида суҳбатлашиш, уларнинг дардларига қизиқиш билдириш ва ушбу муаммолардан чиқиш йўлларини кўрсатиб беришни таклиф қилиб, ўз ташкилотларига жалб қилиш миссионерликдаги яхши самара берадиган усуллардан бири ҳисобланади. Ушбу усулдан фаол фойдалаётган «Иегово шоҳидлари” оқими аъзолари, ўзларини Исо Масиҳ ўз ҳаворийларига буюрган йўлдан фойдаланаётганларини таъкидлашади.
Миссионерликда маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш ҳам энг кўп қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Кичик ҳажмдаги қўлланмалар жуда ҳам таъсирчан қилиб ёзилади ва одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун чиройли суратларга бой бўлади.
Уларда динни қабул қилиш очиқ-ойдин таклиф қилинмайди. Аммо адабиёт охирида қўшимча маълумот олиш учун ташкилот манзили ёки телефони келтириладики, рисолани ўқиган ва диний билими саёз бўлган инсон бу нарсага учиши мумкин.
Масалан, «Иегово шоҳидлари» ташкилоти томонидан тарқатилган китобчаларнинг бирида шундай ёзилган: «Албатта, Иегово шоҳидларининг бутун таълимотини ушбу кичик китобда қамраб олишнинг иложи йўқ, лекин биз сизга қўшимча маълумотга эга бўлишингиз учун турар жойингизда истиқомат қилувчи Иегованинг шоҳидларига мурожаат қилишингизни таклиф этамиз”.
Юзаки қараганда, бундай усул яхши натижа бермайдигандек туюлади. Аслидачи? Маълумотларга кўра, 200 дан ортиқ мамлакатда Тўлиқ Инжил христианларига қарашли 120 дан ортиқ Библия жамиятлари фаолият юритади. Ушбу оқимга кирган янги вакилларнинг ярмидан кўпи динни қабул қилишларини христиан адабиётлари таъсири билан боғлашлари эса юқоридаги услубнинг нечоғлик самарали эканини кўрсатади.
Адабиётларни олиб кириш ва тарқатиш кўпинча мавжуд қонунларга зид равишда амалга оширилади. Масалан, Тожикистонда протестант диний адабиётларини тарқатиш билан Украинадан келган «Дин сўзи” номли ташкилот шуғулланади. Ушбу ташкилот Тожикистонда Библия йилини эълон қилгани ва ҳар бир протестантга камида битта бошқа дин вакилини Библия билан таништиришни вазифа қилиб қўйгани бу йўлдаги ҳаракатлар аниқ мақсадларга қаратилган ҳолда ташкил этилаётганини кўрсатади.
Хайрия ёрдамлари кўрсатиш ҳам миссионерликдаги энг қадимий ва самарали усуллардан бири ҳисобланади. Бунда турли хил маърифий тадбирлар уюштирилиб, уларга асосан ёшлар жалб этилади.
Иштирокчиларга христиан адабиётларини ҳам ўз ичига олган совғалар улашилади, тадбир сўнгида албатта ибодат ва Библия ўқиш ҳам бўлади. Зилзила, тошқин, очарчилик каби офатларнинг содир бўлиши миссионерлар учун айни муддао ҳисобланади. Қаерда юқоридагидек ҳолатлар юз берса ўша ерга биринчи бўлиб миссионерлар етиб боришади.
Дастлаб улар ўзларини беғараз ёрдам кўрсатаётганларини кўз-кўз қилиб, аста-секин асл мақсадларини кўрсатадилар. Аслида миссионерлар ҳеч қачон, ҳеч кимга беғараз ёрдам кўрсатмаганлари ва кўрсатмасликларини ҳам унутмаслик лозим.
Тиббий ва таълим-тарбия соҳаларига махсус кадрларни юбориш ҳам энг қадимий усуллардан биридир. Ҳозирги кунда бир қатор миссионер жамоалар ушбу усулдан самарали фойдаланишмоқда.
Миссионерларнинг ёшлар билан ишлашда бир неча усуллари мавжуд: талабалар, болалар учун миссиялар, ёзги оромгоҳлар шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда «Халқаро христиан оромгоҳлари” ассоциациясига МДҲ нинг 7 мамлакатида 177 оромгоҳ аъзо бўлган. Ушбу оромгоҳлар дастури шундай ишлаб чиқилганки, мавсум охирига бориб у ерда дам олган бола христианликни қабул қилади.
Ҳозирги кунда мисссионерлик ташкилотлари христианликни тарғиб қилишда аудио, видео ва электрон маҳсулотлар, рўзнома ва ойномалар, теледастурлар, интернетда онлайн ўқув курслари ташкил этиш йўлларидан ҳам фаол фойдаланмоқда.
Интернет тармоғида ҳам миссионер ташкилотлар ўз саҳифаларига эга. Ушбу сайтларда миссионерларга турли маслаҳатлар, жумладан мусулмонларни протестантликка ўтказиш ҳақида тегишли кўрсатмалар ва миссиология бўйича ўқув курслари бериб борилади.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динларга ёки диний йўналишларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички миллий бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Шу сабабли учраган нотаниш шахсларни динни тарғиб қилишга бўлган интилишлари ҳақидаги қизиқишларига карши оилада курашсак ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, боболаримиздан мерос қолиб келаётган миллий байрамларимизни ва энг асосийси «ўзбек” халқининг келажаги буюк бўлишига катта ҳисса қўшган бўлардингиз.

Тоҳир Маҳкамов