МАЪНАВИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИ, МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШДАН – МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ САРИ!

Наргиза Раҳматуллаева –Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят  бўлими раҳбари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан мамлакатимизда маънавият ва маърифат соҳасини ривожлантиришга қаратилган Қарор матбуотда эълон қилинди.

Юртдошларимиз томонидан бу янгилик қизғин кутиб олинди. Халқимиз ишониб яшашга, келажакка умид билан боқишга одатланган. Маънавий-мафкуравий муносабатлар ана шу умид ва ишончни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Зеро, жамиятнинг маънавий соҳасидаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни унинг бошқа соҳаларига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Шунинг учун ҳам кучли фуқаролик жамияти ва дунёвий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар тақдири кўп ҳолларда маънавият омилига боғлиқ бўлади.

“Маънавият” ўзи нима ва нима учун керак? Ким учун керак? Қачон ва қаерда керак?…

Аслида, барчамизга маълумки, “маънавият” сўзи араб тилига мансуб бўлиб, “маъно” сўзининг  яъни “моддий бўлмаган нарсалар” маъносида инсоннинг руҳияти, имон-эътиқоди, тафаккури, онги, ақлу заковати, илму фаросати, кийиниш, сўзлашиш, муомала маданияти, миллий ҳамияти, миллий қадрияти, тарбияси каби тушунчаларни мужассамлаштирган яхлит тушунча. Шу жиҳатдан маънавият ҳар қандай давр ва замонда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи,бўлиб келади, унга ҳамиша зарурат сезилади.

Маънавий эҳтиёжни қайси ўринга қўйиши ва намойиш қилиши билан шахснинг индивидуал хусусияти ҳам, эътиқодий мақоми ҳам, маърифий мартабасию ижтимоий онг даражаси ҳам аниқ белгиланади.

Маънавият – очлик, йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳлу нафсни тийиш ва енгишни, хуллас барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади.

Бу жараёнда Президентимизнинг “Агар жамият танаси иқтисод бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга киришар эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, деган пурмаъно фикрлари соҳа ривожига қаратилган катта эътибордир.

Аҳоли ўртасида ижтимоий маънавий муҳитни яхшилаш, миллий ғурур, миллий ифтихор, дахлдорлик туйғусини янада кучайтириш учунЮртбошимизнинг “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий” ғояси муҳим ўрин тутади. Бу маънавий тарбияни маҳаллалардан бошлаш, маҳалла фуқароларини жаҳон майдонидаги сиёсий воқеликдан хабардор қилиб бориш, халқимизга хос миллий урф-одатлар, қадриятларни сингдириш асосида аждодлар меросини ўзлаштириш ҳамда миллий ғоя ва маънавият соҳасидаги билимларни ўрганишга берилаётган катта  эътибордир.

Қарорда қайд этилганидекмиллий меросимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини дунё миқёсида кенг тарғиб қилиш, маънавий-маърифий соҳани, адабиёт ва китобхонликни ҳар томонлама ривожлантириш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Ер юзи аҳолисини тинчлик ва аҳилликка чорлаган хазрат Навоийдан тортиб, атоқли адиб Абдулла Қодирийгача, бутун инсониятни фақат ва фақат яхшиликни касб этиб яшашга даъват этиб кетган  Бобур Мирзодан тортиб  улуғ маърифатпарвар жадид боболаримизгача барча мутафаккир аждодларимиз томонидан илгари сурилган нурли орзу –  умидлар ва эзгу ғоялар билан йўғрилган  ушбу Қарор   кўнгилларимизни шоду мамлакатни  обод этиш йўлидаги барча маънавий тўсиқларни бартараф этиб, халқимизга чинакам  фаровонлик,  жамиятимизга бутун дунё ҳавас қиладиган маънавий юксаклик йўлларини очиб беришига ишонамиз.Бу йўл – хақиқий ватанпарварлик, инсонпарварлик  ва гуманизмнинг нурафшон йўлидир.

Қарорда  бу улуғ максадларни амалга оширилиши учун жуда катта армия сафарбар этилиши ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун барча моддий ва маънавий шарт-шароитлар яратиб берилиши назарда тутилган.

Бу эса узоқ йиллардан бери миллий кадриятларимизга соя ташлаб турган қора булутларнинг тумандек тарқалиб кетиши ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши ҳаётимизни янада мунаввар айлашига  мустаҳкам замин яратади,

Бир сўз билан айтганда ушбу Қарор миллий маънавиятимизни юксалтиришга дастуриламал бўлиб хизмат қилади!

Янги Қарор  барчамизга муборак бўлсин!