Бруцеллёз касаллиги ҳақида биласизми!

Бруцеллёз (қораоқсоқ)-инфекцион аллергиг касаллик бўлиб, ҳароратнинг кўтарилиши, лимфа тугунларининг зарарланиши, таянч ҳаракат тизимининг ишдан чиқиши, иммун тизимининг ишдан чиқиши ва марказий периферик нерв толаларининг шикастланиши билан кечадиган касалликдир.
Биринчи бўлиб ушбу касаллик 1886-йилда Брюс томонидан кашф этилган.
Манбалари 55% майда шохли моллар, 19% йирик шохли моллар ҳисобланади. Юқиш йўли 70% мулоқот йўли билан, 10% озиқ-овқат йўли билан, 15% юқиш йўли аниқланмаган.
Касаллик белгилари ҳароратнинг кўтарилиши, қалтираш, кўп терлаш, тез чарчаб қолиш, жигарнинг катталашиши, бўғимлардаги оғриқ, мускулларнинг оғриғи, ҳаракатнинг чегараланиши билан характерланади. Кўпроқ сурункали формасига ўтишлигига мойиллиги бор. Ўз вақтида даво курсларини олмаса ногиронликка олиб келади.
Ҳайвонлар бруцеллёзи (қораоқсоқ) кенг тарқалиш хусусиятига эга бўлиб, оммавий бола ташлаш, қисир қолиш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг яшовчанлигининг пасайиши билан, баъзан эса клиник белгиларисиз кечади.
Бруцеллалар ташқи муҳит шароитида анча чидамлидир. Музлатилган гўшт маҳсулотида 1,5 йилгача яшайди, хом ва яхши пиширилмаган гўштда 30 кун, бринза ва пишлоқда 15-40 кун, сутда 3-4 кунгача ўзининг яшовчанлигини йўқотмайди. Суюқлик муҳитида эса 70 даражали иссиқликда 30 дақиқада зарарсизланади ва қайнатилганда дарҳол зарарсизлантирилади.
Табиий шароитда ҳайвонлар бруцеллёзи қўзғатувчиси билан зарарланган ем-ҳашак, сувни истеъмол қилганда, кўз ва бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали, шунингдек, жароҳатланган тери орқали ҳамда ҳайвонларни уруғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаганда касалланади. Энг хавфлиси, касал моллар бола ташлаш вақтида ўзидан кўп миқдорда бруцелла микробларни ташқи муҳитга ажратади ва ем-ҳашак, сув, чорвачилик асбоб-ускуналарини зарарлантиради.
Касалликнинг яширин даври бир ой ва ундан ҳам кўпроқ давом этади. Касаллик кўпинча клиник белгисиз ўтади, лекин асосий клиник белгиларидан бири – бруцеллёз билан касалланган сигир ва ғунажинлар кўпинча 5 -7 ойлик буғозлик даврида бола ташлайди, Бундан ташқари буқа ва қўчқорларда орхит белгилари кузатилади. Шу кунгача одамларнинг бруцеллёз билан касалланиши бевосита касал ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлганда содир бўлади деб ўйлашарди.
Ҳозирги кунда бу касаллик ҳайвонлар билан умуман ишламайдиган кишилар орасида ҳам учраяпти. Бунга сабаб, инсонларнинг чорва маҳсулотига бўлган талабни қондириш мақсадида кўча-кўйларда савдо қилувчи «тадбиркорлар»дан ветеринария кўригидан ўтказилмаган сут-гўшт маҳсулотларини харид қилиб истеъмол қилишидир.
Мана шундай нохушликларнинг олдини олиш мақсадида чорвадорларга баҳор мавсумида бажарилиши шарт бўлган қуйидаги тавсияларни берамиз:
– майда шохли молларни қўзилатиш даврида бруцеллёз касаллиги ҳақида тушунчаси бор кишиларни жалб қилиш ва шахсий гигиена талабларига қатъий эътибор бериш;
– ҳайвонларда бола ташлаш, йўлдошнииг ушланиб қолиниши, метрит, оқсоқланиш ва уруғдонни катталашиши белгилари учраганда ветеринария мутахассисига хабар бериш;
– қорамолчилик билан шуғулланувчи хўжалик чорвадорлари – мулкчилик туридан қатъий назар янги келтирилган молларининг қон зардобини 1 ой ичида бруцеллёзга текшириб олишлари;
– касалликка соғлом бўлган хўжалик моллари 1 йилда 1 марта бруцеллёзга текширилиши;
– зарурият бўлганда, бруцеллёзга қарши профилактик эмлаш ўтказиш ҳакида ҳудудий ветеринария бўлими билан маслаҳатлашиш ҳамда вакциналарни йўриқнома асосида қўллаш;
Ҳукуматимизнинг топшириғига асосан туман ветеринария бўлимлари ва лабораторияларида аҳоли ва фермер хўжаликларининг молларини бруцеллёзга текшириш бепул амалга оширилади. Шуни унутмаслик керакки, чорвани талафотдан, инсонларни бруцеллёз касаллигидан асраш чорвадорларимизнинг долзарб вазифаларидан биридир.
Ч. ПАРДАЕВ,
СЭО ва ЖС Қумқўрғон туман бўлими врач эпидемиологи