Тўпаланг суви — аҳоли фаровонлиги йўлида

Сурхондарё вилоятида аҳолини сифатли ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ҳамда мавжуд инфратузилмани ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун асос — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йил 14 июндаги 30-сон йиғилиш баёни (02-РА-1-9944).

Лойиҳанинг буюртмачиси — “Ўзсувтаъминот” АЖ, бош лойиҳачиси — “Гидропроект” АЖ, бош пудратчиси — “Тўпаланг HPD Holding” МЧЖ.

Умумий қиймати 2,847 трлн сўм бўлган лойиҳани 2021–2027 йилларда амалга ошириш белгиланган.

Қурилиш ишлари изчил давом этмоқда

Техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга асосан лойиҳа-смета ҳужжатлари 6 та лотга бўлинган ҳолда ишлаб чиқилган. Лойиҳа доирасида 380,2 километр ичимлик сув тармоқлари, қуввати 200 минг куб метр бўлган 1 та сув тозалаш иншооти, 1 та босимни камайтириш иншооти ҳамда 11 та сув сақлаш резервуари қурилиши кўзда тутилган.

Объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, барча лотлар бўйича “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг ижобий экспертиза хулосалари олинган.

Шунингдек, “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан 1–3-лотлар учун 2023 йил 13 ноябрда 02/14/1/2023-137-сонли, 4–6-лотлар учун эса 2026 йил 6 мартда 78/02-13/1-1864-сонли экспертиза хулосалари олинган.

2026 йил 1 январь ҳолатига объект учун 2 071,4 млрд сўм маблағ молиялаштирилиб, 2 100,4 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган.

Лойиҳа доирасида умумий 245,9 километр ичимлик сув тармоқлари тортилган. Жумладан, Сариосиё туманида 17,1 км, Денов туманида 30,1 км, Шўрчи туманида 40,9 км, Қумқўрғон туманида 53,5 км, Бандихон туманида 31 км, Жарқўрғон туманида 45,2 км, Олтинсой туманида 4 км ва Термиз туманида 24,1 км ички ва магистрал ичимлик сув тармоқлари қурилган.

Шу билан бирга, Сариосиё туманида 1 000 ва 10 000 куб метр, Денов туманида 20 000 куб метр, Шўрчи туманида 10 000 куб метр, Қумқўрғон туманида 5 000 куб метрлик 2 та, Олтинсой туманида 4 000 куб метр ҳамда Жарқўрғон туманида Термиз шаҳри ва Термиз туманини таъминлаш учун 5 000 куб метрлик 2 та ичимлик сув сақлаш ҳовузларида қурилиш-монтаж ишлари якунланган.

Бугунги кунда Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Олтинсой туманлари ҳамда Термиз шаҳрида лойиҳа доирасида тармоқ қуриш ишлари якунланиб, аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда.

2026 йилдаги ишлар

Жорий йилда лойиҳани давом эттириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-393-сон қарори асосида 100 млрд сўм, шунингдек, ПҚ-114-сон қарорга асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 31,8 млн АҚШ доллари, яъни 379,3 млрд сўм маблағ ажратилган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан Шеробод туманида 26,3 км тармоқ ва 1 та иншоот, Қизириқ туманида 15,2 км тармоқ ва 1 та иншоот, Музработ туманида 25,5 км тармоқ ва 1 та иншоот, Ангор туманида 13,9 км тармоқ ва 1 та иншоот, Жарқўрғон туманида 14,9 км тармоқ ва 1 та иншоот қуриш ишлари режалаштирилган.

Шунингдек, Сурхон аҳоли пункти учун 17,8 километр ичимлик сув тармоғи қурилади.

2026 йилда ажратилган 479,3 млрд сўм маблағ ҳисобидан март–апрель ойларида объект бўйича манзилли дастурлар тасдиқланиб, молиялаштириш очилган. Ҳозирга қадар 368,158 млрд сўм аванс ва жорий молиялаштириш маблағлари пудратчига тўлаб берилган.

Айни вақтда пудратчи — “Тўпаланг HPD Holding” МЧЖ томонидан 348,973 млрд сўмлик бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-фактуралар тақдим этилган.

Жарқўрғон, Шеробод ва Ангор туманлари учун қурилаётган 10 000 куб метр сиғимли 3 та ичимлик сув сақлаш ҳовузида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Ҳозирга қадар ушбу ҳудудларда 82,4 километр сув тармоғи тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда.

1,3 миллион нафар аҳоли қамраб олинади

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида жами 302 та маҳаллада яшовчи 1,3 миллион нафар аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилашга эришилади.

Мазкур йирик инфратузилма лойиҳаси Сурхондарё вилоятида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув таъминоти тизимининг барқарорлигини ошириш ва фуқаролар учун қулай турмуш шароитларини яратишга хизмат қилади.

Давлат дастурларининг белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратурасида ташкил этилган штаб томонидан лойиҳа ижроси доимий назоратга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Қурилиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси катта прокурори
К. М. Қаландаров

Санжар Шукуров,
Шўрчи тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи