Сурхондарё вилоятида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 8 та дастур доирасида умумий қиймати 453,7 миллион доллар ва 848,2 миллиард сўмлик 267 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Мазкур лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши вилоят прокуратурасида ташкил этилган штаб томонидан доимий назоратга олинган.
Шундай йирик лойиҳалардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 4 апрелдаги 189-сон қарори асосида Осиё тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “4Р105 «Дарбанд–Бойсун–Элбаён» автомобиль йўлининг 5–70 км (65 км) ва 4Р100 «Мангузор–Жарқўрғон–Бандихон–Олтинсой–Денов» автомобиль йўлининг 128–174 км (46 км) қисмларини реконструкция қилиш” лойиҳасидир.
Лойиҳанинг амалга ошириш муддати 2022–2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, умумий қуввати 111 километрни ташкил этади. Реконструкция ишлари Бойсун, Бандихон, Қумқўрғон, Олтинсой ва Денов туманлари ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлларини қамраб олган.
Айни пайтда лойиҳа доирасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 72,76 километр узунликдаги қисмида ер ишлари, 59,25 километрда қум-шағал аралашмасидан 33 сантиметр қалинликдаги йўл асосининг остки қатламини ётқизиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 53,8 километрда йўл асосининг ўрта қатлами, 50,04 километрда М-75 маркали цементбетон аралашмасидан асоснинг устки қатлами, 47,66 километрда эса 27 сантиметр қалинликдаги М-400 маркали цементбетон қопламаси ётқизилди. Бундан ташқари, 2 километр қисмда асфальт-бетон қопламаси ишлари амалга оширилди.
Лойиҳани жадаллаштириш мақсадида қурилиш ишларида сусткашликка йўл қўйган пудратчи ташкилотнинг лойиҳа объекти бошқарувчиси, консультант компанияси раҳбарияти ҳамда салоҳиятсиз мутахассислари алмаштирилди.
Лойиҳа доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, йўл минтақасига тушган 22 615 туп дарахтни кесиш ва кўчириб ўтказиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида лойиҳа қайта ўрганилди. Йўл ҳудудидаги дарахтлар ва бино-иншоотларни имконият даражасида сақлаб қолиш мақсадида лойиҳага тегишли техник ўзгартиришлар киритилди.
Натижада кесилиши ёки кўчириб ўтказилиши талаб этилган дарахтлар сони 3 803 тупгача мақбуллаштирилди. Бугунги кунга қадар эса 2 344 туп дарахтни кўчириб ўтқазиш таъминланди.
Мазкур ишлар давлат дастурларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз транспорт шароитларини яратишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Қурилиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси катта прокурори Э. И. Тўраев,
Сариосиё туман прокурорининг ёрдамчиси Ғ. Аллақулов