Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 13–16 сентябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлида муҳим воқеа бўлди.
Ташриф доирасида Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Корея Республикаси президентлари ўртасида музокаралар ўтказилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, транспорт-логистика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, таълим, тиббиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби йўналишларга оид келишувлар ҳам бор.
Ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири — биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитининг Сеул шаҳрида ўтказилганидир. Саммитда минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон Президенти томонидан бешта стратегик йўналиш бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, “Марказий Осиё – Корея Республикаси: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик” номли узоқ муддатли концептуал қарашни ишлаб чиқиш таклиф этилди. Ушбу ёндашув келгуси тараққиёт учун зарур бўлган инфратузилма, замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш қувватлари, таълим ва малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни олдиндан белгилашга қаратилган.
Саммитда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ривожлантириш, муҳим минераллар бўйича ҳамкорликни кучайтириш, “яшил” тараққиёт ва иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Айниқса, инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари диққатга сазовор. Ёшларга замонавий билим ва кўникмалар бериш, уларни талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжлари билан таълим жараёнини уйғунлаштириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев инсон капиталини ривожлантиришда “буюртма – ўқитиш – бандлик” тамойилига асосланган узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди.
Бугун Ўзбекистон–Корея ҳамкорлиги савдо ва инвестиция билан чекланиб қолмаяпти. Илғор технологияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш каби йўналишлар ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Энг муҳими, бундай ҳамкорликдан кўзланган мақсадлар аҳоли ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш билан бевосита боғлиқ. Замонавий касбларни эгаллаш, сифатли таълим олиш, янги технологиялардан фойдаланиш ва юқори малакали мутахассис бўлиб етишиш учун яратилаётган шароитлар инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ташриф ва саммит якунлари бўйича қабул қилинган келишувлар Ўзбекистон–Корея муносабатларининг янги йўналишларини белгилаб бермоқда. Уларнинг изчил амалга оширилиши нафақат икки мамлакат ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, балки Марказий Осиё ва Корея Республикаси ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Жамшид Алиев,
“Юксалиш” ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси