7 миллион сўмлик “хизмат” 

Электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича тизимда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, электр учун ҳисоб-китобларни  амалга оширишнинг шаффоф тартиблари жорий этиляпти. Аммо, шундай бир шароитда ҳам йўлини топиб ноқонуний даромад топишга уриниш ҳолатлари афсуски учраб турибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Олтинсой тумани бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда  тезкор тадбир ўтказилди. Аниқланишича, “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ “Энергосавдо” филиали Олтинсой туман бўлими бошлиғи ўринбосари ўзининг мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб ва хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда туман ҳудудида жойлашган гўзаллик салони ишчисига, фаолияти давомида сарфланадиган электр энергияси учун электрон абонент ҳисоб рақами очмасдан, тармоққа тўғридан-тўғри улаб беришни ҳамда келгусида электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларида чора кўрмаслигини ваъда қилган. Бунинг учун  эски намунадаги электр ҳисоблагич ўрнатиб қўйишни ўз зимммасига олиб, бу “ҳожатбарорлиги” эвазига «хизмат ҳақи» ҳам сўраган. Тезкор тадбир жараёнида бошлиқ ўринбосари 7 млн. сўмни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Халқ мулки ҳисобланган ва катта харажатлар эвазига ишлаб чиқариладиган электр энергияси учун тўловларни чўнтагига урмоқчи бўлган шахснинг қисмати шу бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ж.Ж.Жўраев
Ж.С.Омонқулов