Оммавий ахборот воситаларида тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний савдосини чеклашга қаратилган тадбирлар ҳақида тез-тез хабар ва лавҳалар бериб борилмоқда. Албатта, бундан мақсад мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлиги ҳақида жамоатчиликни огоҳлантиришдан иборат. Аммо, кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилаётганига қарамай айримлар яна ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этишяпти. Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Денов тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маъсулияти чекланган жамият раҳбари, жамиятга қарашли бўлган савдо дўконида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 71,2 млн сўмлик 765 дона алкоголь ва 80 млн 500 минг сўмлик 2 328 қути тамаки маҳсулотларини сотувга қўйганлиги аниқланди. Ушбу жараёнда жами 151,6 млн сўмлик алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қумқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 1976 йилда туғилган фуқаро, жамиятга тегишли бўлган алкоголь маҳсулотлари савдо дўконида қонунга хилоф равишда сифатсиз ва кирим ҳужжатлари бўлмаган 59 турдаги 1359 дона қиймати алкоголь маҳсулотларини сотиш масадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, улар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Энди тасаввур қилайлик, бу сифатсиз маҳсулотлар истеъмолчиларгача етиб борганда уларнинг саломатлигига қанчалар жиддий хавф юзага келарди. Афсуски, ҳуқуқбузарлар қилмишларининг бундай оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришмаяпти. Улар фақат осон фойда топиш илинжида қонуний талабларни четлаб ўтишга уринмоқдалар.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Б.Х.Менгноров
Ш.Х.Хидиров