Ирригация тизимларида фаолият юритувчи сув назоратчилари ўзларига беркитилган ҳудудларда қонун талабларига риоя этилишига масъул ҳисобланадилар. Аммо бунинг акси ўлароқ назоратчининг ўзи ҳуқуқбузарлик содир қилса-чи?! Таасуфки, Сариосиёда худди шундай ҳолат рўй берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сариосиё тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Тўпаланг-Қоратоғ” ирригация тизимлари бошқармаси сув назоратчиси 1970 йилда туғилган фуқаро Тўпаланг дарёси “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли дарё ва канал муҳофазасига тегишли 32 сотих ер майдонини фуқарога 73 500 АҚШ долларига сотишга келишгани аниқланади. Бу ўринда масъул ходим табиийки қилмишининг оқибати ҳақида ё ўйлаб кўрмайди ёки била туриб хунук оқибатдан кўз юмади. Мана шу тарзда сув назоратчиси келишилган пул миқдори ҳисобидан 70 минг АҚШ доллари ва 39 млн сўм пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Энди у қўштирноқ ичидаги «ишбилармонлиги» учун қонун олдида жавоб бериши керак.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ш.З.Зокиров
Х.Т.Мўминов