Ҳаёт бўстонининг заҳматкаш боғбонлари

Сўрадилар, дунёда асли ким азиз,
Айтдилар, устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки, азиз шубҳасиз,
Устозим қадрига етолган инсон.
Ҳар йили 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни кенг нишонланади. Қадим замонлардан устозга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиром сақланиб қолган. Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат, эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Инсон яшар экан, энг аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларга нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорчилик ҳисси билан яшайди. Мактаб остонасига илк қадам қўйганингизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, устозимизнинг фидокорона меҳнатини доимо чуқур энтикиш билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Кўз нури ва қалб қўрини устоздек машаққатли ва фидокорона касбга бағишланган азизларимизни самимий қутлаб, миннатдорчилик билдириш биз шогирдлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
Азиз халқимизнинг бир нақлида: “Сен одамларга бир йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил яхшилик қилмоқчи бўлсанг, таълим-тарбия бер”,-дейилган. Оламнинг гултожиси инсон бўлса, улар орасида суюклиси – устоз ва муаллимдир. Устозлар ҳақида сўз кетганда беихтиёр беғубор болалигимиз, орзу интилишларга тўла болалик йилларимиз, илк бора қўлимизга қалам тутқазган биринчи ўқитувчимиз кўз олдимизда гавдаланди. Бизларнинг ҳар бир саволимизга чуқур эътибор ва босиқлик билан жавоб берувчи, элнинг назаридаги биринчи муаллим. Сизларга бугун қўлимизни кўксимизга қўйиб ташаккур айтамиз.
Ҳақиқатдан ҳам, дунёдаги минг-минглаб касблар орасида иккита буюк касб – шифокорлик ва ўқитувчилик касби борки, улар токи ҳаёт экан, ўзининг маъно мазмунини ва олийжаноблигини ҳеч қачон йўқотмайди. Халқимизда илм ўрганмоқ игна билан қудуқ қазишга қиёслайди. Кези келса, ҳаёт ва борлиқ моҳияти, сир-асрорларига бўйинг баробар китоблрни ўқиб ҳам етишинг мушкул. Бироқ илм ўргатмоқ заҳмати ундан ҳам машаққатли. Зеро, оқу қорани фарқлай олмайдиган гўдак олимлик рутбасига етиши учун тахлам-тахлам китобларни ўқишининг ўзи камлик қилади. Устоз бу ишга бутун борлиғини, меҳрини бахш этади. Дарҳақиқат, минглаб гўдак қалбларга оқу-қорани танитадиган, эзгулик ёғдусини бахш этадиган, келажакка тийрак нигоҳ ташлашга ўргатадиган, ёшлар қалбида эртанги кунга қатъий ишонч уйғотадиган, ёшлар қалбида эртанги кунга қатъий ишонч уйғотадиган, шогирдлари учун ҳаётнинг аччиқ-чучук синовларида доимо ёрдамга шай турадиган, қоқилса суяб, йиқилса турғизадиган, ютуқларидан боладек қувонадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатининг ўлчови, қиёси йўқ.
Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда фақат юксак билимли, замонавий, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва амалий касб-ҳунарларга эга бўлган ёшларгина буюк келажакни таъминлаши мумкин. Ана шундай етук мутахассис ёшни сиз тарбиялаб, вояга етказасиз, азиз ҳамкасблар! Ўзбекистоннинг келажак тақдирига сизлар масъулсизлар!
Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни касб байрамингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб этсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламан.
Дилфуза ТУРСУНОВА,
Малика ХОЛМАТОВА,
тумандаги 3-сонли ґрта таълим мактаби бошланІич синф ґіитувчилари.