1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ

ДАРСЛАРИ ОММАВИЙЛАШГАН ПЕДАГОГ
Туманимиздаги 86-сонли умумтаълим мактаби янги бунёд этилган муассаса ҳисобланади. Мактаб педагоглари касб байрамини меҳнат ютуқлари билан кутиб олаяпти. Айниқса, бошланғич таълим ўқитувчиси, 1синф раҳбари, I тоифали мутахассис Дилором Аллаёровани кўпчилик ҳурмат қилди. У 29 йилдан буён ўқитувчилик касбини улуғлаб келаяпти. Шу давр ичида 33- ва 86-сонли умумтаълим мактабларида ишлаб ёш авлодга таълим-тарбия ўргатишда юқори кўрсатгичларга эришди.
2020-2021-ўқув йилида 1 синфдаги 22 нафар ўқувчига онлайн тарзда дарс ўтмоқда. Уйида дарсларда қатнашаётган ўқувчиларга телефон воситасида мавзулар ва топшириқларни узатаяпти. Ўқувчилар ҳарфларни ва бўғинларни ўқиб намойиш қилмоқда. Синф журналига мавзулар ёзилаяпти.
Д. Аллаёрованинг ўтган ўқув йилидаги 4 синфда она тили дарси туманда оммалаштирилди. Бундан ташқари, мактабда 4 синфнинг онлайн дарслари видеоролиги вилоят миқёсида оммалаштирилди. Ўқувчилари “Энг фаол ўқувчи”, Энг фаол китобхон” номинациялари билан мукофотланди. “Маданият ва маърифат” телеканалида ўқувчиларидан Элбек Йўлдошев ва Латофот Боймуротовнинг суратлари намойиш қилинди. Педагоглар жамоаси Д. Аллаёрованинг бу ютуқларини инобатга олиб “Ўзбекистон Халқ маорифи аълочиси” унвонига тавсия этди.
ОТА-ОНАЛАРНИНГ ЁРДАМИ БЕҚИЁС
86-сонли умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Маҳфират Фаридддинова олий маълумотли мутахассис. 1 синф ўқувчиларига онлайн тарзда ноанъанавий усулда дарс ўтмоқда. Иш жараёнидан келиб чиқиб янги ташаббусларни ўртага қўймоқда. Қишлоқ шароитида интернет паст кучланишда бўлгани учун ота-оналарни кўпроқ жалб этиш керак. Ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилса таълим-тарбия самарадорлиги ошади, – деб тушунади бу педагог. У 20 йиллик педагогик фаолиятида катта тажриба тўплади. Ота-оналарнинг фарзандлари билимларини оширишда ёрдамини ошириб таълим ўрганиш сифатини яхшилашга эътибор қаратмоқда.
ИНГЛИЗ ТИЛИ БИЛИМДОНИ

70-сонли умумтаълим мактабида Инглиз тили фани ўқитувчиси Латофат Хўжақулова 6 “А” синф ўқувчиларига намунали дарс ўтаяпти. Мактабда анъанавий дарс ўтишга рухсат берилди. 15 сентябрдан карантин чораларига қатъий риоя қилган ҳолда ўқув машғулотлари амалга оширилаяпти. Ўқувчиларга аудио мульт медия дарсликлари берилган. Компьютерда шу дарслик машғулотлари намойиш қилиниб ўқувчиларнинг билимлари оширилаяпти. Шунингдеек, “Тинглаб тушуниш”, “Оғзаки нутқни ривожлантириш”, “Гапириш” бўйича матнларни тайёрлаб ўқувчиларга кўрсатаяпти. Бундай ноанъанавий тарзда дарс ўтиш ўқувчиларнинг билим самарадорлиги юқори бўлишини таъминлаяпти.
Тер ДУ Инглиз тили йўналишини битирган ўқитувчи Л. Хўжақулова 6 йилдан буён ўз мутахассислиги бўйича ишлаяпти. Ёшларни замон талаблари асосида ўқитишда қувонарли натижаларга эришаяпти.
Н. МУҲАММАДИЕВ