Наврўз-янги кун демакдир

Баҳорни билмаган элларни кўрдим,
Бир чечак кулмаган ерларни кўрдим.
Ўзингни соғиниб келади Наврўз,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Менинг бир куним ҳам кун деб Қиш ночор,
Кетолмай қор сепиб туради ҳануз,
Бир куй яралади, Қуёш бастакор,
Ҳадемай Наврўздир, ҳадемай Наврўз!

Наврўз – Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг қадимий, анъанавий янги йил байрами. Ушбу байрам Ўрта Осиёда ислом дини қабул қилинмасдан анча илгарироқ мавжуд бўлган. Наврўз байрами ҳақида Абу Райҳон Беруний шундай ёзади: «Наврўз ўтмиш замонларда қуёшнинг саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, ҳайвонларда уйғониш мавсуми бошланишидан то насл вужудга келгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган».                                     Бобокалонларимиз
қуёшнинг ҳамал
буржига кириши,
кеча билан кундуз нинг баробар келишини йил боши ҳисоблашган. Тарихий манбаларга қараганда, Наврўз байрамини ўтказиш аҳамонийлар давридан бошлаб анъанага айланиб қолган ва Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларида энг катта байрам ҳисобланган. Бошқа халқлар сингари, ўзбеклар ҳам бу кунни қадим замонлардан буён янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан қарши олганлар. Наврўз байрамининг бошланишидан бир неча кун илгари тайёргарлик кўрилган. Одатда Наврўз байрамидан 15 кун олдин буғдой ёки арпани ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан Наврўз байрами кунлари сумалак қилинган. Ёшлар Наврўз байрамини кечаси билан ухламасдан эртак ва ҳикоялар айтишиб, ўйин-кулгу билан кутиб олишган. Наврўз байрами кунлари отчопар, улоқ, кураш сингари ўйинлар, сайил ўтказилган. Ёшлар баҳор ҳақида қўшиқ айтганлар.
Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимиз ташаббуслари билан тарихимизни ўрганиш, миллий урф-одат, анъаналиримизни ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, миллий байрамларимиз аҳамиятини улар онгига сингдириш масалалари бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу йил ҳам юртимизда Наврўз байрами ўзгача шукуҳ билан кутиб олинмоқда. Наврўз байрами туманимизда ҳам катта шодиёна билан нишонланди. Эрта тонгдан карнай-сурнай наволари тумандошларимизни байрам сайлига чорлади. Истироҳат боғида безатилган қўрғонлар байрам иштирокчиларига ўзгача қувонч бахш этди. Туман ҳокими Р. Гаппаров раҳбарлигида сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, туман Кенгаши депутатлари билан биргаликда безатилган қўрғонларни кўздан кечирди. 20 дан ортиқ ўтовлар безатилиб, миллий қадриятларимиз акс эттирилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан безатилган қўрғонларга кирганимизда момоларимизнинг миллий кийимлари, пахта саваш жараёнлари, кубидан ёғ олиш амалиётлари кўрсатилди. Мактабгача таълим бўлими қўрғонида миллий кийимлар, бешикда ётган болажонларимизга алла айтиш, келин салом маросимида айтиладиган ўланларимиз, дошқозонларда сумалакнинг сузилиши, тирик от ҳамда туянинг миллий кашталаримиз билан эгарланиши акс эттирилган. Туман тиббиёт бирлашмаси ва халқ таълим бўлими томонидан безатилган қўрғонлар дилларни қувнатди. Сумалаклар тарқатилиб тинчлигимиз абадий бўлишини сўраб дуолар қилинди. Бахшилар томонидан термалар ижро этилди. Байрам билан тумандошларимизни туман ҳокими муборакбод этди. Қўрғонларни безатишда илдамлик кўрсатган ташкилот ҳамда муассаса раҳбарлари туман ҳокими томонидан рағбатлантирилди.
1 ўринни туман мактабгача таълим бўлими, 2 ўринни туман халқ таълим бўлими, 3 ўринни туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси эгаллашди. Спорт йўналиши бўйича туманимиз шарафини юксакларга кўтарган чемпионларимиз, секторлар кесимида ўтказилган футбол мусобақасида ғолибликни қўлга киритган жамоаларга туман ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди. Байрам тадбирида элимиз суйган санъаткорлар Ферузабону, Ҳулкар Абдуллаевалар ўз қўшиқлари ижроси билан қатнашишди. Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Концерт дастуридан сўнг кураш мусобақаси бўлиб ўтди. Наврўз байрами Ўзбекистонда янгиланиш ва янги умидларнинг туғилиши билан ҳам боғлиқ. Шу куни ҳатто, ёмонликлар, адоват ва хатолар ҳам кечирилган, муҳтож одамларга ёрдам кўрсатилган. Халқимиз янгиланиш фасли Наврўз ҳаммага – яхши кайфият, хонадонларимизга бахт-омад келтиришига ишонади. Яна бир яхши ўзбекнинг фазилатларидан бири меҳмон кутиш ҳисобланади. Мўл-кўл дастурхон безатиш ҳам гўзал одатларимиздан бири демакдир. Бу кунда ҳар бир хонадонда меҳмонларни юзида табассум, ҳурмат билан кутиб олишади ва ўзлари ҳам меҳмонга боришадилар. Наврўзда ҳеч ким уйда ўтиролмайди! Айниқса, шаҳар ва қишлоқларда ўтказиладиган халқ сайиллари, анъанавий миллий ўйинлар, йигитлар кураш мусобақалари, кўпкари мусобақалари ҳамда халқ кўргазмалари билан байрамга ўзгача мазмун бахш этилган. Умумхалқ байрами Наврўз ҳамманинг кўнглига илиқлик, юракларига баҳорий кайфият, юзларига табассум ҳадя этувчи байрамдир. Ҳар куним бўлсин Наврўз – дея бежиз айтиб ўтишмаган ота-боболаримиз. Шундай экан, Наврўз шукуҳи юртимизда ҳар доим кезиб юрсин ва ҳар бир уриб турган юракни тарк этмасин.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА