Беғуборим болажон…

Шу Ватанга муносиб,
Фарзанд бўлиш аҳдимиз.
Эл ишига шай турган,
Дилбанд бўлиш бахтимиз.
Бошимизни силаган,
Юртимиз бор, бағри кенг.
Бизга оқ йўл тилаган,
Бобо меҳри кўкка тенг.

 

Ушбу сатрларни
ўқиганимизда
бахтли авлод
бўлиб улғайганимиздан мағрурланиб кетамиз. Ушбу мисралар қалби ўксик болажонлар тилидан айтилган бўлсачи? Юраги кемтик бўлсада. Тенгдошлари қатори югуриб-елиб ўйнолмасаларда, жуда бахтлидирлар. Қаровсиз қолмаганликларидан, доим эътиборда, эъзозда эканликларидан жуда мамнундирлар. Қумқўрғон туман ногиронлиги бўлган болалар учун ”Мурувват” интернат уйида 110 нафар болажонлар туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Йўлим тушиб “Мурувват” уйига бориб қолдим. Беғубор, фариштадек юзларидан нур ёғилиб турган ўғил-қизлар юзларида табассум билан мени кутиб олишди. Ўша лаҳзада қалбимдаги бор ғуборим чиқиб кетди. Юрагимда енгиллик ҳис этдим. Қумқўрғон туман ногиронлиги бўлган болалар учун ”Мурувват” интернат уйи директори Зулфия Дагарова мушфиқ қора кўзларга меҳр қўйганлиги учун болажонлар қалбидан жой олган. Онасига талпинган гўдакдек Зулфия опани кўрганда талпинишмоқда. Нимани айтмоқчиликларини кўзларига қараб билиб олишмоқда.Тарбияланувчилар учун “Мурувват” уйида барча шароитлар яратилган. Дарс машғулотлари ўтишлари учун ўқув хоналари замонавий услубда жиҳозланган. Хайр-саховат, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.
Дунё амалиётида ногиронлиги бор инсонлар илм-фан, маданият, санъат соҳаларида, жамоат ишлари ва сиёсий фаолиятда сезиларли ютуқларга эришганликларини исботловчи далиллар кўплаб топилади. Бизнинг туманимизда ҳам имконияти чекланган иқтидор эгалари оз эмас. Фикримизнинг ёрқин мисоли –“Мурувват” уйи тарбияланувчиси Файзахмедова Шоҳинурдир. Шоҳинур бизга мусиқа фанидан ёд олган “Нон ёпганда” қўшиғини айтиб берди. Беихтиёр кўзларимга ёш келди. Руҳан тушкунликка тушмаган, ҳаётда яшаш учун доим олдинга интилган қизалоқ кўз ўнгимда муҳрланиб қолди. Бу натижаларга эришиши учун албатта мусиқа фани ўқитувчиси Шуҳрат Узоқовнинг меҳнатлари чексиздир.
Қайд этилганлардан кўриниб турибдики, уларнинг барчаси жамиятимизнинг тўлақонли аъзолари ҳамда унга фойда келтиришга қодир инсонлардир. Фақат ўз иқтидорларини намоён этишларига кўмаклашиш зарур, шунда балки улар ўзларини етарлича таъминлаш имкониятига ҳам эга бўлишар. Санъатда юксак марраларга эришиш учун рассом, мусиқачи ёки шоирнинг жисмоний камчиликлари аҳамиятсиз. Ҳатто, бундай интилишлар қизиқиш даражасида қолиб кетган тақдирда ҳам уларнинг фойдаси беқиёс бўлади. Имконияти чекланган инсонлар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзолари деб ҳис этишлари учун ҳаёт йўлларида юзага келган тўсиқларни енгиб ўтишлари, уларга жамият ҳаётида бошқалар билан тенгма-тенг иштирок этишлари учун шароит яратиб бериш зарур.
Энг асосийси шуки, бугунги кунда тизимда ногиронларга бўлган эътиборнинг мустаҳкам пойдевори яратилди ва ушбу долзарб йўналишда мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жаннатмакон юртимизда бугунги кунда рўёбга чиқаётган барча янгилик ва эзгулик ишлари республикамиз Мустақиллигининг ҳамда истиқлолимизнинг мевасидир. Шунинг учун ҳам бундай юртнинг, элнинг келажаги буюкдир дейишга асосимиз бор.

Райҳон МЕНГЗИЯЕВА